2023/2024 ўқув йилидан Ўзбекистонда хорижий тилларни яхши ўзлаштирган тиббиёт олийгоҳлари ва Абу Али бин Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми талабалари учун стипендия жорий этилди. Бу ҳақда 11 август куни Соғлиқни сақлаш вазири тегишли буйруқни қабул қилди.

Ҳужжатга кўра, стипендия олмоқчи бўлган талабада инглиз тилини билиш даражаси халқаро тан олинган сертификат IELTS Academic бўйича камида 7,5 балл бўлиши керак. Немис ва француз тилини билиш даражаси бўйича С1 халқаро сертификатга эга бўлиши шарт.

Талабаларга 1 сентябрдан бошлаб, уларнинг сертификати амал қилиш даврида базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг уч баробарига тенг (990 минг сўм) ҳар ойлик стипендия тўлаб борилади.

Келтирилишича, бу стипендия тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларига бериладиган тўловга қўшимча равишда берилади.

Стипендия олиш учун олийгоҳ ректорлари ҳамда техникум директори ҳар чоракда номзодлар тўғрисидаги қўшимча маълумотни вазирликнинг Илм-фан ва таълим бошқармасига киритиб бориши белгиланган.