Миробод туманидаги полиз маҳсулотларини қадоқлаш цехида 6 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келингани аниқланди, дея хабар қилди Энергетика вазирлиги.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» томонидан Тошкент шаҳар прокуратураси ва «Ҳудудгаз Пойтахт» ГТФ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Миробод тумани, «Олтинкўл» маҳалласи, А.Фитрат кўчасида яшовчи фуқаро А.Ф.га тегишли полиз маҳсулотларини қадоқлаш цехида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келингани аниқланди.

Истеъмолчи томонидан газлаштириш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштирмасдан газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб фойдалангани оқибатида дастлабки ҳисоб-китобларга асосан тизимга жами 824 млн 417 минг 510,4 сўм (1 млн 249 минг 117,44 куб метр) миқдорида зарар етказилгани маълум бўлди.

«Ушбу ҳажмдаги табиий газ бугунги кунда 6 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Аниқланган ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.