14 август куни Доғистон Республикаси пойтахти Махачқалъа шаҳрида жойлашган ёнилғи қуйиш шохобчасида содир бўлган портлаш оқибатида 35 киши ҳалок бўлди ва 75 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб, Meduza нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, маҳаллий вақт билан соат 21:50 атрофида Новокули қишлоғидаги Кулинская кўчаси ва Федерал шоссе кесишган чорраҳада жойлашган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасида портлаш содир бўлган ва ёнғин ёнилғи қуйиш шохобчаси ҳудудига ўтган.

Шохобчадаги саккизта ёнилғи бакидан иккитаси портлаган. Ёнғин майдони 600 квадрат метрни ташкил этган ва уч соатда ўчирилган. Ёнғинни ўчиришга 70 нафардан ортиқ ўт ўчирувчи ва 20 дан ортиқ техника жалб қилинган. Воқеа жойида 200 га яқин полициячи ҳам бўлган. Доғистон раҳбарининг таъкидлашича, фавқулодда хизмат ходимларининг ҳаракатлари туфайли «биринчи портлашдан омон қолган ёнилғи резервуарларининг алангаланиши ва портлашининг олди олинган».

доғистон, махачқалъа, мотам, портлаш

Портлаш ва ёнғиннинг аниқ сабаблари ўрганилмоқда. Воқеа юзасидан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш ва икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Доғистон раҳбари ҳалок бўлганларнинг оилаларига Республика захира фондидан моддий ёрдам сифатида ҳар бирига 1 миллион рублдан тўланишини маълум қилди. Оғир ва енгил тан жароҳати олган фуқароларга тегишли равишда 400 ва 200 минг рубль миқдорида товон тўлаб берилади.

15 август бутун Доғистонда мотам куни деб эълон қилинди. Шу сабабли давлат байроқлари туширилади, маданият муассасалари ва телеканалларга кўнгилочар тадбирлар ва дастурларни бекор қилиш тавсия қилинган.