10 август куни Тошкент вилояти экология бошқармаси Оҳангарон тумани инспектори А.Мирзааҳмедовга хизмат вақтида тан жароҳати етказилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Инспектор сомондан бўшаган ер майдонлари ёқиб юборилгани ҳолатини ўрганиш мақсадида Оҳангарон туманидаги «Ойбулоқ» маҳалласида жойлашган фермер хўжалигига борган. Ўрганиш давомида бир гуруҳ шахслар унга қаршилик кўрсатган.

Инспектор тиббий кўрикдан ўтказилган ва унга ёрдам кўрсатилган, аҳволи яхши деб баҳоланмоқда.

Бош прокуратуранинг билдиришича, ходимга куч ишлатган фуқаро Ф.Ў. бўлиб, унинг хизмат гувоҳномаси ҳамда иш ҳужжатларини тортиб олиб, уларга шикаст етказган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219- (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.