Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Фуқаролар учун бюджет» нашрининг 2022 йилги бюджет ижросига юзасидан тайёрланган сонини эълон қилди. «Газета.uz» ундаги асосий маълумотларни тақдим этади.

«Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри ҳақида

«Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри Бирлашган Миллат ташкилоти Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Ўзбекистонда барқарор ривожланишни молиялаштириш» қўшма лойиҳасини амалга ошириш дастури доирасида тайёрланади.

Бу нашр орқали фуқаролар, Давлат бюджетининг 2022 йилги даромадлар ва харажатлари ижроси, йил якуни бўйича асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар, маҳаллий бюджетлар ижроси, давлат бюджети тақчиллиги ва уни қоплаш манбалари, иқлим ўзгариши билан боғлиқ харажатлар ҳамда Ташаббусли бюджетлаштириш амалиёти бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар билан танишиши мумкин.

Асосий кўрсаткичлар

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 2022 йилда 5,7 фоизни ташкил қилди ва ЯИМ ҳажми жорий нархларда 888,3 трлн сўмни ёки 80,4 млрд АҚШ долларини (2022 йилда АҚШ долларига нисбатан расмий алмашув курси ўртача 11 051,2 сўм) ташкил қилди.

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

2022 йил январь-декабрь ойлари учун истеъмол нархлари индекси 12,3 фоизни ташкил этди, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўртача 15,6 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 10,7 фоизга, хизматлар нархи эса 8,3 фоизга кўтарилди.

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

2022 йил якунларига кўра ташқи савдо айланмаси 50 млрд 8,4 млн долларни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 18,6 фоизга ўсди. Асосан саноат маҳсулотлари, олтин, хизматлар, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар экспорт қилинди. Импорт таркибида эса машиналар ва транспорт ускуналари, саноат маҳсулотлари, кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар асосий ўринга эга бўлди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йил якунига келиб, консолидациялашган бюджетнинг умумий фискал баланси тақчиллиги ЯИМнинг 4,0 фоизини ташкил этди.

«Бюджетга тушумларнинг ортиши карантин чекловларининг юмшатилиши билан, иқтисодий ўсиш суръатларининг тикланиши, шунингдек қимматбаҳо металларга жаҳон нархларининг юқори даражада сақланиб қолиниши билан боғлиқ бўлди. Бюджет харажатларининг ўсиши аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қўшимча харажатларнинг ажратилиши, марказлаштирилган инвестициялар ҳажмининг кўпайиши, шунингдек иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши билан боғлиқ», — дейилади ҳисоботда.

2022 йилда даромадлар ва харажатлар ўртасидаги салбий сальдо 35 трлн 252,8 млрд сўмни ташкил этди (прогноз бўйича бу кўрсаткич 25 трлн 546,1 млрд сўм бўлиши керак эди).

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги салбий сальдо мўлжалланганидан каррасига кўп бўлди ва 15 трлн 654,7 млн сўм ўрнига 35 трлн 418,9 млрд сўмни ташкил этди. Бунга асосий сабаб харажатларнинг мўлжалланганидан сезиларли даражада кўп бўлгани ҳисобланади. Йил давомида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджети харажатлари 274 трлн 996,4 млрд сўмга етган (йил бошида 247 трлн 90,5 млрд бўлиши мўлжалланган).

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

Даромадлар

Давлат бюджети даромадлари 2022 йил якуни билан 201 трлн 863,7 млрд сўмни ташкил қилиб, прогнозга нисбатан 1 трлн 525 млрд сўмга кўпроқ бўлди. Даромадлар 2021 йилга нисбатан 37 трлн 64,2 млрд сўмга ошган.

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

2022 йилда билвосита солиқ тушумлари прогноз кўрсаткичларидан паст бўлишига асосан қўшилган қиймат солиғини қоплаб бериш ҳақиқатда 19,3 трлн сўмни ташкил этиб, прогнозга (12,5 трлн сўм) нисбатан деярли 1,6 баравар кўп қайтарилгани сабаб бўлган.

Мобил алоқа хизматлари ва полиэтиллен учун акциз солиғи ставкасининг пасайиши, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ҳажмининг пасайиши акциз солиғи тушумлари прогнозининг бажарилишига таъсир кўрсатган.

Давлат бюджети даромадлари таркибида бевосита солиқларнинг улуши (31,9 фоиз) бироз камайди, билвосита солиқлар бюджет даромадларининг 35,4 фоизини ташкил этди. Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи 11,8 фоизни, бошқа даромадлар эса жами даромаднинг 20,9 фоизини ташкил этди.

2022 йилда фойда солиғи тушумлари 37 трлн 649,9 млрд сўмни ташкил қилди, шундан жами тушумнинг 17 трлн 393,7 млрд сўм ёки 46 фоизи олтин ва мис қазиб чиқарувчи корхоналарга тўғри келди. Фойда солиғи тушумлари 713 млрд сўмга, ёки 2021 йилга нисбатан 1,9 фоизга камайган.

Фойда солиғи тушумлари камайишига асосий сабаб амортизация ажратмалари нормалари ўртача 2 баравар оширилгани бўлган, бунинг натижасида 1,3 трлн сўм маблағ хўжалик субъектлари ихтиёрида қолдирилган.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумлари 2021 йилга нисбатан 5 трлн 366,9 млрд сўм ёки 28,4 фоизга ўсиб, 24 трлн 284,5 млрд сўмни ташкил этди.

Бу солиқ тушумларининг ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилган:

  • Бюджет секторидаги энг кам иш ҳақи миқдорининг 2021 йилга нисбатан ўртача 14,7 фоизга ўсиши;
  • Ишчи ходимлар сонининг легализация ҳисобига солиқ тўловчилар сонининг 5 млн 18 минг нафаргача ошиши (2021 йилга нисбатан 215 мингга ёки 8 фоизга кўп);
  • Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси миқдорининг 156,9 трлн сўмгача ошиши (2021 йилга нисбатан 30,7 трлн сўм ёки 25 фоизга кўп).

Айланмадан олинадиган солиқлар бўйича тушум 2021 йилга нисбатан 863,3 млрд сўмга ёки 52,3 фоизга ошган ва 2 трлн 512,7 млрд сўмни ташкил қилган. Қўшилган қиймат солиғи 2021 йилга нисбатан 13 трлн 750,4 млрд сўм ёки 35,8 фоизга ошган ва 52 трлн 189,4 млрд сўмни ташкил этган. Акциз солиғи тушуми 13 трлн 455,0 млрд сўмга етди ва 2021 йилга нисбатан 368,5 млрд сўм ёки 2,8 фоизга ошди. Божхона божлари бўйича тушумлар 5 трлн 745,7 млрд сўмни ташкил этди (2021 йилга нисбатан 980,8 млрд сўмга кўп). Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи бўйича тушум 23 трлн 912,8 млрд сўм, 2021 йилга нисбатан 876,4 млрд сўм кўпроқ бўлди.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари 2021 йилга нисбатан 1 трлн 924,6 млрд сўм, ёки 12,2 фоизга камайди ва 13 887,4 млрд сўмни ташкил этди. Бунда асосий омил қимматбаҳо ва рангли металлар бўйича ставка 10 фоиздан 7 фоизга, олтин бўйича давлат улушига эга корхоналарга ставка 15 фоиздан 10 фоизга пасайтирилгани ва солиқнинг унификация қилиниши бўлган. Буларнинг ортидан тушумлар 2,8 трлн сўмга камайган.

Мол-мулк солиғи тушумлари 4 трлн 15,4 млрд сўмга етган ва 2021 йилга нисбатан 1 трлн 558,1 млрд сўм, ёки 63,4 фоизга ошган. Тушумлар юридик шахсларда 2021 йилга нисбатан 2 баробарга, жисмоний шахсларда 10,6 фоизга ошган. Ер солиғи тушумлари 2021 йилга нисбатан 1 трлн 223,1 млрд сўм, ёки 30 фоизга ошган ва 5 трлн 305,9 млрд сўмни ташкил этган.

Бошқа даромадлар ва солиқ бўлмаган тушумлар 42 трлн 113,7 млрд сўмни ташкил этди ва 2021 йилга нисбатан 58,7 фоизга ошди. Тушумларнинг асосий қисми давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар тўлаган дивидентлар ҳисобига тўғри келган — 27 трлн 247,2 млрд сўм.

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

Йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ тушумларидаги улуши қуйидагича бўлган:

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

Харажатлар

Давлат бюджетининг 2022 йил харажатлари 2021 йилга нисбатан 48 трлн 434,9 млрд сўмга ошиб, 236 трлн 692 млрд сўмни ташкил этди.

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

2022 йилда Давлат бюджети харажатларининг 49,7 фоизини ижтимоий соҳа харажатлари ташкил этди. Ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисми таълим соҳасига йўналтирилди.

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

Таълимга амалга оширилган харажатларнинг 66 фоизи умумий таълимга, 20 фоизи мактабгача таълимга ва 14 фоизи кадрлар тайёрлашга йўналтирилди.

2022 йилда давлат бюджетининг умумий ўрта таълимга харажатлари 2021 йилга нисбатан 21,6 фоизга ошди ва 33 трлн 138,1 млрд сўмни ташкил этди. Харажатлар асосан иш ҳақининг ошиши ҳамда таълим муассасаларида ишлайдиган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш учун қўшимча маблағлар ажратиш ҳисобига тасдиқланган параметрларга нисбатан ошган.

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

2022 йилда олий таълим муассасаларини сақлаш харажатлари 4 трлн 849,4 млрд сўмни ташкил этди. 2022 йилда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги таълим кредитини молиялаштириш жамғармасидан 174 минг 677 та талабага 1 трлн 713,7 млрд сўм ажратилди.

Амалга оширилган харажатларнинг тасдиқланган параметрлардан ошишига бошқа ижтимоий соҳа тармоқлари каби тиббиётда ҳам иш ҳақининг оширилиши асосий сабаблардан бири бўлган. Президентнинг 2022 йил 17 майдаги фармонига асосан 2022 йилнинг 1 июнидан тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларнинг ойлик лавозим маошлари оширилиб, бу мақсадларга давлат бюджетидан қўшимча 2,2 трлн сўм йўналтирилди.

2022 йилда маданиятга давлат харажатлари 2 трлн 259,3 млрд сўмни ташкил этди.

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

2022 йилда ижтимоий ҳимоя учун амалга оширилган харажатлар 2021 йилга нисбатан 78,3 фоизга ёки 8 трлн 516,8 млрд сўмга ошиб, 19 трлн 397,1 млрд сўмни ташкил этди. Ижтимоий харажатларнинг ошиши ижтимоий нафақа тўланган оилалар сонининг ошиши ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши билан изоҳланган.

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

Иқтисодиётга харажатлар 2021 йилга нисбатан 61 фоизга ёки 12 трлн 921,2 млрд сўмга ошиб, 34 трлн 90,9 млрд сўмни ташкил этди. Иқтисодиётга амалга оширилган харажатларнинг ошиши қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига 4 трлн 550 млрд сўм миқдорида беғараз молиявий ёрдам кўрсатилиши ҳамда «UzGasTrade» АЖ томонидан табиий газни сотиб олиш ва сотиш ўртасида юзага келган зарарни қоплаш учун 6 трлн 695,3 млрд сўм миқдорида харажатларни амалга оширилиши билан боғлиқлиги айтилган.

2022 йилги давлат бюджети, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет