Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати қўшни давлат ҳудудидан контрабанда йўли билан олиб ўтилган катта миқдордаги наркотик моддани аниқлади, дея хабар бермоқда ДХХ ахборот хизмати.

Хусусан, Сурхондарё вилояти Музработ туманининг чегара ҳудудидан ўтувчи Амударё қирғоғидаги қамишлар орасига номаълум шахслар томонидан яшириб кетилган 1 дона полиэтилен қоп топилган. У холислар иштирокида кўздан кечирилганида ичида 10 дона ўрамда гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Экспертиза хулосасига кўра, ушбу ўрамларда соф вазни 10 кг. 38 гр. бўлган опий моддаси борлиги маълум бўлган. Ҳолат юзасидан ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ушбу наркотик модда эгаларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Сурхондарё — Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Nexia автомашинаси Кўкдала туманида жойлашган «Умакай» ЙПХ масканида тўхтатилган. Денов туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаро бошқарувида бўлган ушбу машина кўздан кечирилганида унинг салон қисмига яшириб қўйилган 935 гр. опий ва 200 гр. гашиш моддалари борлиги аниқланган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.