Қозоғистоннинг Ақтау шаҳридаги «Оймаша» полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон Қуролли Кучлари махсус бўлинмалари ҳамкорлигидаги махсус-тактик ўқувлари бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Дастлаб, ҳар икки давлатнинг мудофаа вазирлари ҳарбий полигон бўйлаб ҳарбий хизматчиларнинг 10 дан ортиқ ўқув нуқталарида ўтказаётган махсус-тактик машқларини кузатган, унда иштирок этган ва жанговар қуроллардан ўқ узган.

Ўқув режасига мувофиқ, ҳарбий хизматчилар тезкор куч ва воситалар билан ҳамкорликда шартли душманни яксон этиш бўйича ҳаракатларни бошлаган. Махсус бўлинмалар учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланган ҳолда разведка-қидирув ҳаракатларини олиб бориб, террорчи гуруҳлар жойлашган ҳудудни аниқлаган.

Шундан сўнг шартли душман жойлашган ҳудуд ўққа тутилган. Махсус бўлинмалар замонавий қуролли можаролар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда янги тактик усулдан фойдаланиб, ҳамкорликда яқин масофада жанг қилган. Бунда белгиланган вазифани бажариш вақтида оловли қўллаб-қувватлов гуруҳига зирҳланган техникалар ҳамроҳлик қилди ва шартли душман батамом йўқ қилинган.

Меҳмонлар денгиз флотидаги қўшинларнинг кемани қўлга олиш ва ҳужум қилиш бўйича тактик машғулотларини ҳам кузатган.

Куннинг иккинчи қисмида тунги шароитда батальон тактик гуруҳларинининг ўқув машғулоти ҳам ўтказилиб, ҳамкорликдаги жанговар ҳаракатларини кузатиш билан бирга, батальон командирларининг қарорлари тингланган.

Хусусан, батальон тактик ўқувларида топшириқларни бажариш, қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг энг замонавий намуналарини қўллаш, авиация ёрдамида умумқўшин бўлинмаларига мадад бериш, ўтиш қийин бўлган тоғли ва чўл ҳудудларида, шаҳар шароитларидаги махсус операциялар, бўлинмаларни қўллаб-қувватлаш машғулотларини ўз ичига олган.

Машғулотлар якунида мудофаа вазирлари ҳарбий хизматчиларнинг жанговар қобилиятларини юқори баҳолаб, ҳар икки давлатнинг ҳарбий хизматчиларига жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун кўкрак нишонларини топширган.