Telegram`даги Eltuz каналида Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги 28-мактабда ўқитувчилар мактабни тозалаш ишларига жалб қилингани ҳақида хабар берилди.

Унда ходимлар муассаса директори Нафиса Абдримованинг топшириғи билан ишга чақирилгани ҳақида сўз борган. Хабар вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат назорати инспекцияси томонидан ўрганилди ва ўз тасдиғини топди.

Ташкилот раҳбари ходимларни Меҳнат кодексининг 115-моддаси (Иш вақтининг нормал муддати)га зид равишда меҳнат шартномасида кўрсатилмаган, ўз хизмат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларга жалб қилгани аниқланди.

Шу сабабли унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми (Мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан маъмурий жарима қўлланди. Бунда жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдори (330 минг сўм)нинг 5 бараваридан 10 бараваригача этиб кўрсатилган.