Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — санъат оммалаштирувчиси, ПР ва креатив бўйича мутахассис, Телеграм`даги «Парамаданий» канали муаллифи Сардор Бабаев.

Мутолаа ҳақида

Нима сабабдан китоб ўқишим ҳақида ҳеч ўйламаган эканман. Мутолаа инсонни маънан юксалтиради, деб ёзсам, кўзингизга ўта мулоҳазакор одамдек кўринган бўлардим, эҳтимол. Аслида менда оддий сабаб бор — китоб ўқиш қизиқ, шунинг учун ўқийман. Агар мутолаа сизга қизиқ бўлмаса, демак, қўлингиздаги китоб зерикарли.

Майли, яна бир сабаб келтирай. Менинг назаримда, адабиёт (фикшн ҳам, нон-фикшн ҳам) — ғоялар манбаи, ҳар қандай китоб муаллифнинг ғоялари, тушунчалари, таҳлиллари йиғиндисидир. Менинг касбим доимий равишда оригинал ғояларни яратиш экан, китоб мутолааси мен учун изланиш ва ўрганиш орқали малакамни ошириш воситасига айланган.

Масалан, бадиий асар ўқиётиб, муаллиф қандай қилиб ечим, сюжетли бурилиш ёки қизиқарли диалогни ўйлаб топгани ҳақида ўйлайман. Бу худди кулол шогирди, устанинг нақшли лаган ёки нафис кўза ясашини томоша қилишига ўхшайди. Яъни, бу нафақат қизиқарли, балки фойдали ҳам.

Шунинг учун мен турли (жанрлар, муаллифлар, даврларга мансуб) китобларни ўқийман. Иккинчидан, ўқиш учун турли воситалар (оддий қоғозли китоблар, аудиокитоблар ва электрон ридерлар)дан фойдаланаман. Бу менга бир вақтнинг ўзида тўрт-бешта китоб мутолаа қилиш имконини беради (аудиокитобларни танқид қилувчилар учун бир қизиқ маълумот: ўтмишда одамлар ўқишни биладиган инсон олдида тўпланиб, китобларни тинглаганлар).

Шу билан бирга, мен турли тилларда ўқишни истардим. Лекин ҳозир, афсуски, фақат рус тилида ўқиш билан чекланиб қолганман. Сабаби, менда китоб ўқишга жуда катта қизиқиш уйғонган вақтлар (тахминан 20 йилча аввал) мен ёқтирган бирор хорижий ёзувчининг асари ўзбек тилига ўгирилмаган. Мен Пелевин ва Сорокин, Паланик ва Уелш, Фаулз ва Воннегутларни севиб ўқирдим. Бизда буларнинг бари фақат русчада бор эди.

Айни вақтда, ўзбек тили ривожи учун қайғурганим боис интернетда ўзбек тилида кўплаб контент яратаман ва она тилимни ривожлантириш бўйича лойиҳаларда жону дилим билан қатнашаман. 1990 йиллар бошида бу масалага давлат томонидан эътибор кучайиб, кутубхоналар пропаганда китоблари ўрнига жаҳон бесселлерлари билан тўлдирилганида эди, эҳтимол, ҳозир бутунлай бошқа Ўзбекистонда яшаётган бўлардик.

Сўнгги ўқилган китоблардан тавсиялар

Одатда китобларни туркумлаб танлайман. Шунинг учун ҳам сўнгги бир йил ичида ўқиган китобларимни қуйидаги тартибда тавсия қилмоқчиман.

Ака-ука Стругацкийлар. «Мир Полудня» туркуми

Бу сюжети тахминий ХХИ-ХХИИ асрларда кечадиган ҳикоя, қисса ва романлар туркумидир. Воқеаларнинг бир қисми «коммунизм ғолиб чиққан» Ерда, яна бир қисми эса коинот ва бошқа галактикаларда содир бўлади. Мен илгари ҳеч қачон Стругацкийларнинг асарлари билан қизиқмаган эдим. Лекин яқинда қатъий сензура шароитида илмий ва ижтимоий-фантастик асарлар қандай яратилгани, муаллифларнинг ўзи совет воқелигига қандай муносабатда бўлганлигига қизиқиб қолдим.

«Трудно бит богом» ва «Обитаемий остров» қиссаларида «ёрқин коммунистик келажак» одамлари қашшоқлик, геноцид ва диктатура авж олган сайёраларга тушиб қолади. Қаҳрамонлар бегона сайёранинг ички ишларига аралашиш ёки минглаб бегуноҳ аҳолининг қатағон қилинишига жим қараб туриш каби қийин ахлоқий ва фалсафий танлов олдида қолади.

Бир қарашда Стругацкийлар ўз асарларида коммунизм ғояларини улуғлайди, лекин мен бутун туркумни ўқий бошлаганимда, совет тузумига қарши яширинча танқидни илғадим. Улар аллегория ва метафора орқали жамиятдаги камчилик ва муаммоларни таҳлил қилган. Жумладан, қаҳрамони Пандора номли сайёранинг (Жеймс Кемероннинг «Аватар»ига саломлар!) сирли ўрмонида адашиб қоладиган «Беспокойство» қиссасида тизим танқиди кучайган. Кейинчалик бу қисса танқидий кайфияти янада кескинроқ бўлган «Улитка на склоне» романига айлантирилган. Ака-ука ёзувчилар бу романни ўзларининг энг мукаммал асари деб таърифлаган. Бу роман мени ҳам ҳайратда қолдирди.

«Мир Полудня» туркумини ўқиб чиққач, ўзбекистонлик муаллифларнинг шундай қаттиқ сензура шароитида қандай ишлагани қизиқ бўлди.

Роберт Харрис. «Сицерон» туркуми

Ижтимоий фантастика фалсафасидан кейин мен бирор енгилроқ китобни ўқишни хоҳладим. Одатда бундай ҳолатларда детектив ўқийман — детектив жанри саёз деган фикрга қўшилмайман. Масалан, Ден Брауннинг барча китобларини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Стиг Ларсоннинг «Миллениум» трилогияси жуда ёқади — бу туркум нафақат қизиқ ҳикояларга бой, балки замонавий жамиятдаги аёлларнинг муаммоларини ҳам ёритиб берган. Роберт Харриснинг «Призрак» номли сиёсий детективи менинг энг севимли асарларимдан бири.

Яқинда шу муаллифнинг асарларини яна ўқишга қарор қилдим. Бунда унинг римлик афсонавий нотиқ Сицерон ҳақидаги туркумини танладим. Уч роман («Империум», «Очиение» ва «Диктатор») Сицерон фаолияти ҳамда Римнинг бутун сиёсий ва ижтимоий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади; нафақат қизиқарли, балки ибратли ҳам. Уларни Ўзбекистон амалдорлари ўқишини истардим. Эҳтимол шунда уларнинг айримлари «ўзим ўйлаб топдим» деб ўйлаган айёр ноқонуний ишлари бундан минг йиллар аввал кашф қилиб бўлингани ва бари ёқимсиз оқибатлар келтириб чиқаришини тушунган бўларди.

Биографиялар

Вақти-вақти билан таниқли кишиларнинг таржимаи ҳолларини ҳам ўқиб тураман. Айниқса спортчи ва ижодкорлар ҳаёти қизиқ. Буларни бошқа китоблар орасида, ўзимни чалғитиш учун ўқийман. Шу билан бирга ўзим учун кўп фойдали нарсаларни топаман.

Фил Найтнинг «Продавец обуви» (сотиб олиш), Мария Шарапованинг «Неудержимая» ва Жон Жонни Роттен Лайдоннинг «Роттен. Вход воспреен» автобиографияларини бир нафасда ўқиб чиқдим. Биринчиси, оддий бир кичик ғоядан спорт кийимлари бозоридаги энг йирик бренд — Нике қандай пайдо бўлгани ҳақида; иккинчиси, 8 ёшли теннисчи ва унинг отаси чўнтакда 700 доллар билан АҚШга кўчиб ўтиб, қандай қилиб жаҳоншумул муваффақиятга эришгани ҳақида; учинчиси, Британиянинг машҳур «Сех Пистолс» панк-рок гуруҳи ҳақида.

Дастлабки икки китоб суccесс сторй (муваффақият тарихи) бўлиб, унда қаҳрамонлар ўз орзулари йўлида барча қийинчиликларни енгиб ўтади. Айни вақтда, бу ҳикоялардан ҳар қандай муваффақият ортида омад ҳам туришини билиб олиш мумкин. Қанча ҳаракат қилсангиз ҳам ҳеч муваффақиятга эриша олмаётган бўлсангиз, билингки, сизга фақат озгина омад етишмаяпти, холос.

Учинчи китоб эса мусиқа ва айниқса рок ихлосмандлари учун. Ёшлигимдан панк-рок ва панк маданиятига қизиққанман. Кўп ҳам иқтидорли бўлмаган лондонлик йигитлар бор-йўғи бир неча йил (1975−1978) фаолият олиб борган «Сех Пистолс» гуруҳини ташкил қилиб, биргина мусиқий албом билан жаҳон мусиқа саноатини ўзгартира олгани менга жуда қизиқ кўринганди. Ушбу ёрқин маданий феномен ортида истеъдодли продюссер Малколм Макларен тургани мен учун кутилмаган кашфиёт бўлди.

Ҳамма, аввало ёшлар ўқиши керак бўлган китоблар

Шу ўринда яна бир саволга жавоб бермоқчиман: нега бадиий адабиёт ўқиш керак? Анъанавий таълим тизими одамни билимли ва зиёли қилиши мумкин, лекин ақлли ва доно қила олмайди, деб ўйлайман. Ҳақиқий ақлли одамларни бадиий асарларни мутолаа қилиш (нафақат китоб ўқиш, балки мусиқа тинглаш, кино томоша қилиш, рассомларнинг асарларини кўздан кечириш ва ҳоказолар) орқали тарбия қилиш мумкин. Ақлли одамлар билан мулоқот ҳам шу жумладан — буни мутолаа билан тенглаштирса бўлади.

Қуйида фақат бадиий асарлар. Рўйхат рейтинг ва мантиқсиз тузилган. Яна бир бор туркумлардан бошлаймиз:

  • Андрей Платонов («Чевенгур», «Котлован»). Ушбу муаллиф энг ноёб тил услуби эгаси. Инсоннинг чуқур кечинмаларини ҳеч ким Платоновчалик ўқувчига етказиб бера олмаса керак. Иосиф Бродский уни ХХ асрнинг энг ажойиб ёзувчиларидан бири, деб атаган. Сюжет услубдан кўра муҳимроқ деб ўйлайдиганларга тавсия қиламан.
  • Жон Толкиен («Узуклар ҳукмдори» (сотиб олиш), «Хоббит» (сотиб олиш)). Классик эпик фентези. Оксфорд филологи томонидан ўйлаб топилган бу ҳикоя адабиёт, кино, компютер ўйинлари ва бутун дунё маданиятига қанчалик таъсир кўрсатгани ҳайратланарли. Баъзилар бу асарни жаҳон урушларига қиёс ва сиёсий таҳлил сифатида кўради. Мен учун эса бу «энг кичкина» одамнинг иродаси «энг катта» ёвузликни енгиши ҳақида қисса. Бу китобларни «Песн лда и пламени» («Тахтлар ўйини»)ни энг яхши фентези асар деб ўйлайдиганларга тавсия қиламан.
  • Эрленд Лу («Наивно. Супер», «Допплер»). Мен наив (содда) санъатни яхши кўраман. Чунки содда тилда мураккаб нарсани тасвирлаш жуда қийин. Лу эса бунинг устаси. Унинг романлари оддий ҳикоялар, оддий диалоглардан иборат бўлиб, уларда ҳеч қандай ҳаяжонга соладиган воқеалар рўй бермайди. Аммо улар оддий ҳаётий ҳикояларда энг чуқур кечинмалар яширинганлигини кўрсатади. Бу китобларни мураккаб нарсани оддий тилда айтиб бўлмайди, деб ўйлайдиганларга тавсия қиламан.
  • Фредрик Бакман («Тревожные люди» (сотиб олиш), «Медвежий угол» трилогияси (сотиб олиш)) жуда инсонпарвар, персонажларига эмпатия, меҳр ва чуқур ҳамдардлик билан тўла романлар муаллифи. У инсон бўлиш қанчалик қийин эканлиги, аёллар муаммолари, токсик «эркакчилик» ҳақида ёзади. Бу китобларни зўравонликни қандайдир сабаблар туфайли оқлаб бўлади, деб ўйлайдиганларга тавсия қиламан.
  • Чингиз Айтматов («Қиёмат» (сотиб олиш), «Асрга татигулик кун» (сотиб олиш)). Муаллиф қадимий қирғиз ривоятларини совет даврининг долзарб масалалари билан моҳирона уйғунлаштира олган. Шу тариқа инсоният ҳақидаги чуқур фалсафий мулоҳазаларга мурожаат қилган. Бу китобларни фақат картина ва ҳайкалларгина монументал бўла олади, деб ўйлайдиганларга тавсия қиламан.
  • Асосий уч утопия (Жорж Оруелл, «1984» (сотиб олиш); Олдос Хаксли, «Ажиб янги дунё» (сотиб олиш); Евгений Замятин, «Биз»). Бу асарлар нима ҳақида эканини қисқача ёзиш қийин масала. Лекин бир сўз орқали тасвирлаш мумкин — эркинлик. Ўзини эркин мамлакатда яшаяпман, деб ўйлайдиганларга тавсия қиламан.
  • Чак Паланик («Бойсовский клуб» (сотиб олиш), «Уселевший», «Удуше»). Адабиётга жиддий иштиёқим Паланикнинг романларидан бошланган. Унинг таъсирида бир вақтлар ўзим ҳам ёзиб кўрганман. Провокацион мавзулар, қора юмор ва зўравонлик саҳналари уни бошқалардан кескин ажратиб туради. Лекин бу шунчаки услуб. Унинг романларида асосий лейтмотив ўзликни излашдир. Шунинг учун ўзлигини излаётганларга тавсия қиламан.

Энди эса туркумлар эмас, алоҳида асарлар ҳақида:

  • Ҳарпер Ли, «Мазахчини ўлдириш». Ушбу китоб 1930 йилларда АҚШдаги ирқий дискриминация ва сегрегация ҳақида. Романдан хулоса шуки, адолат қонунлари табиат қонунларидек ўзидан ўзи ишлайвермайди, улар одамзоднинг истаги ва иродасига кўра мавжуддир.
  • Ҳаруки Мураками, «Норвежский лес». Ушбу меланхолик роман 1960 йилларда Япониядаги ижтимоий-маданий ўзгаришлар фонидаги севги, йўқотиш, ёлғизлик ва катта ҳаётга ўтиш мавзуларини тадқиқ этади.
  • Жером Селинжер, «Над пропастю во ржи». Бегоналик туйғуси, умидсизлик ва улғайиш муаммоларидан қаттиқ ташвишда бўлган ўсмир ҳикояси. Руҳан ўзимга жуда яқин роман.
  • Франс Кафка, «Эврилиш». Инсоннинг ўзлигини излаш ҳақида яна бир роман. Ушбу китоб ўзини ёлғиз ҳис қиладиганлар ёки худди шундай ҳис-туйғуларга эга бўлган яқинини тушунишни хоҳлайдиганлар учун терапия бўлиши мумкин.
  • Виктор Пелевин, «Чапаев и Пустота». Ёрқин диалог ва кутилмаган сюжетга эга постмодернистик роман. 1990 йиллар ўрталарида яшаган рус шоири Пётр Пустота ўтмишга тушиб қолиб, фуқаролар уруши қаҳрамони Василий Чапаев билан учрашади ва у билан фронтга жўнаб кетади.
  • Владимир Сорокин, «Голубое сало». Яна бир постмодернистик ва жуда провокацион роман. Параллел ҳаёт, абсурдлик, тиллар, услублар ва жанрларнинг қўшилиши. Мураккаб рус классикасини ўқиб зерикканлар учун айни муддао.
  • Алан Мур, «Хранители». Ушбу график роман (комикс) бизга таниш бўлган суперқаҳрамонларнинг образларини, мураккаб аҳлоқий дилеммаларни ўрганиш орқали, деконструксия қилади. ТИМЕ журнали «Хранители»ни ХХ асрнинг инглиз тилидаги 100 та энг яхши китоблари рўйхатига киритган. Комиксларни фақат болалар учун деб ҳисоблайдиганларга тавсия қиламан.
  • Курт Воннегут, «Бойня номер пят». Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Дрезденнинг фожиали бомбардимон қилиниши фонида урушнинг маъносизлиги ва инсоният азоблари ҳақида кучли ва таъсирли ҳикоя. ОАВ урушни романтиклаштиришда давом этаётган бизнинг давримиз учун ибрат бўла оладиган асар.
  • Энтони Бёрджесс, «Заводной апелсин» (сотиб олиш). Мураккаб саволларни юзага чиқарадиган, ирода эркинлиги ҳақидаги афсонавий роман. Эзгуликни мажбурлаб таъқиб қилса бўладими? Табиий ёвузлик яхшими ёки сунъий яхшилик?
  • Жеймс Жойс, «Улисс» (сотиб олиш). Эҳтимол, барча даврларнинг, айниқса ХХ асрнинг энг муҳим, энг нуфузли ва жаҳон адабиётига энг катта таъсир кўрсатган романи. Мен бу роман ҳақидаги барча маълумотларни ўрганиб чиқмагунингизгача уни ўқишни бошламасликни тавсия қиламан. Китобдаги воқеа атиги бир кун давом эца-да, уни ўқиб тугатишимга қарийб бир йил керак бўлди. Жаҳон адабиётидаги энг ажойиб ва ғаройиб саргузашт.