Yandex Go такси хизмати Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида иш бошлади. Бу ҳақда компания матбуот хизмат Spot`га маълум қилди.

Хизмат иловаси орқали унда керакли манзилни танлаб, шаҳарнинг истаган нуқтасига етиб олиш мумкин. Сервис фойдаланувчининг жойлашувини ўзи аниқлайди ва тез етиб келадиган ҳайдовчини топади. Йўл ҳақи нархи 3000 сўмдан бошланади.

«Иловада автомобилга буюртма берилгандан сўнг дарҳол модели, автомобиль рақами ва кутиш вақти кўрсатилади. Шунингдек, илова орқали тезда боғланиш мумкин бўлган қўллаб-қувватлаш хизмати мавжуд», — дейди Yandex Go`нинг минтақавий менежери Мирзоҳид Солиҳов.

Йўл ҳақининг максимал нархи фойдаланувчиларга машинага буюртма бериш вақтида маълум бўлади — бунинг учун иловага бориш манзилини киритиш керак.

Агар ҳайдовчи йўлни таъмирлаш туфайли йўналишдан четга чиқиши керак бўлса, нарх ўзгармайди. Шунингдек, йўл ҳақини нақд пул ва карта орқали тўлаш мумкин.

Yandex Go Ўзбекистонда 2018 йилнинг апрель ойида ишга туширилган. Хизмат бунгача тўққизта шаҳарда: Тошкент, Фарғона, Марғилон, Наманган, Андижон, Самарқанд, Қўқон, Бухоро ва Нукусда ишлаётганди.

Yandex Go`нинг ўз ҳайдовчилари ва машиналари йўқ. Хизмат маҳаллий ташувчилар билан ҳамкорлик қилади.