Тармоқларда Фарғона вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси (ҲЭТК) биносига бир неча шахслар бостириб кириб, корхона ходимига нисбатан жисмоний куч ишлатгани, оқибатда ходим шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилгани ҳақида видеохабар тарқалди.

Унда, шунингдек, беморнинг аҳволи кун сайин оғирлашиб бораётгани ва бинога бостириб кирган шахслар ҳануз озодликда юргани баён этилган.

Фарғона вилояти ИИБ ҳолатга муносабат билдираркан, воқеа 7 август куни содир бўлганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, шу куни корхонанинг кадрлар бўлими бошлиғи У.М. корхона ҳисобчиси Н.Х.га қўнғироқ қилиб, ишга келмагани юзасидан суҳбатлашган. Жараёнда аёлнинг турмуш ўртоғи Х.Н. билан ўзаро жанжал келиб чиққан. Х.Н. турмуш ўртоғи ҳамда 2 нафар таниши билан корхонага келиб, У.М.ни қўллари билан уриб, унга тан жароҳати етказган. Шунингдек, унинг бошқарувидаги автомашина ойнасини синдирган.

Суд тиббий экспертизаси хулосасида У.М. да ёпиқ калла мия жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг пешана соҳасида лат яра, ўнг кўз қовоқларида қонталаш, пастки лаб ўнг томонида лат яра, чап қулоқ супраси орқа юзасида қонталаш, пастки жағ ўнг ияк соҳасида қонталашлар аниқланган.

Бу жароҳатлар соғлиқнинг 6 кундан кўп, аммо 21 кундан кам бўлган муддатга бузилишига олиб келувчи енгил шикастлар тоифасига кириши кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Х.Н.га нисбатан Фарғона шаҳри ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Юқоридаги шахснинг айби судда ўз исботини топса, у базавий ҳисоблаш миқдори (330 минг сўм)нинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.