3 сентябрь куни мамлакат бўйлаб 16 та шаҳарда Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади. Қорақалпоғистон ҳамда барча вилоятларда турли ёшдаги ҳаваскор ва профессионал спортчилар ҳамда соғлом турмуш тарзи ихлосмандлари азиз байрам муносабати билан ташкил этиладиган кенг кўламли спорт ҳаракатига қўшилишлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон Енгил атлетика федерациясида пресс-анжуман ўтказилган бўлиб, унда келгуси оммавий югуриш мусобақасига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда федерациянинг бош котиби Камолиддин Рўзимуҳамедов, таҳкилий қўмита ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

yangi nafas, реклама

Мустақилликнинг 32 йиллиги Тошкент, Нурафшон, Гулистон, Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қоровулбозор, Термиз, Қарши, Ғузор, Хива ва Нукусда Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақаси билан нишонланади. Тошкентда югурувчиларга 3 ва 10 км га тенг бўлган икки хил масофа, бошқа шаҳарларда эса 3 км лик битта масофа тақдим этилади.

Yangi Nafas югуриш мусобақасининг расмий шиори — «Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда — бирга югурамиз». Тадбир 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳар бир фуқарони бирлаштирган ҳолда, Ўзбекистон давлат мустақиллигини нишонлаш жараёнидаги кайфият ва умумий муҳитни янада аниқроқ акс эттиради.

Анъанавий тарзда муҳим давлат саналари ва халқаро спорт тадбирларига бағишлаб ташкил этилаётган Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақалари Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг «2019−2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси» тўғрисидаги қарори доирасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш ҳамда аҳолини фаол турмуш тарзига жалб этиш мақсадида қабул қилинган кенг кўламли давлат дастурининг ижросига яққол мисол бўла олади. Мақсадли давлат дастури аҳолини босқичма-босқич фаоллаштириб, ҳамма даражаларда саломатликни мустаҳкамлаш ва ҳаёт сифатини ошириш масалаларига эътиборни қаратди.

yangi nafas, реклама

Yangi Nafas ижтимоий лойиҳасини ҳаётга тадбиқ этишнинг уч йили давомида Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси ва «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда 700 минг нафардан ортиқ одам оммавий югуриш мусобақасига қўшилиб, спорт тадбирларида фаол иштирок этмоқдалар. Yangi Nafas лойиҳаси Save Aral, «Мен Ғолиб», «Ватан Қалқони» оммавий югуриш мусобақалари билан ҳамкорликда ёш авлодда ҳам, катталарда ҳам енгил атлетикага қизиқишни янги босқичга кўтарди.

Оммавий спортни ривожлантириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш Янги Ўзбекистон барпо этаётган ижтимоий сиёсатининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Yangi Nafas югуриш ихлосмандлари учун халқаро майдончага айланиб бормоқда. Тадбир Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ва мусобақаларда фаол иштирок этиб келаётган хорижлик фуқаролардан ташқари, Марказий Осиё мамлакатларидан келадиган мусобақа қатнашчиларини ҳам бирлаштиради. Сентябрь ойида Тошкентга Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон спорт клублари вакиллари ушбу байрамда иштирок этиш учун ташриф буюрадилар.

Мустақиллик байрами муносабати билан Тошкент шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги Yangi Nafas югуриш мусобақасида 31 августгача Iticket.uz сайтида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш мумкин. Фуқаролигидан қатъи назар, барча югуриш ихлосмандлари мазкур югуриш мусобақасига қўшилишлари мумкин.

yangi nafas, реклама

Аҳолининг барча қатламлари спорт мусобақаларида иштирок этишлари учун кенг имконият яратиш мақсадида Қорақалпоғистон ҳамда барча вилоятларда мусобақа учун рўйхатдан ўтиш ва қатнашиш бепул. Енгил атлетика федерацияси ташаббуси билан ҳар бир ҳудудда «Ягона ижтимоий ҳимоя реестри», «Темир» дафтар, «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарларига киритилган фуқароларнинг иштирок этиши учун квоталар ажратилган. Югуриш мусобақалари ва марафонларнинг доимий иштирокчилари орасида ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳам мавжуд.

3 км масофада 9 ёш ва ундан катта ёшдагилар учун спорт мусобақаларида иштирок этишга рухсат этилади, 10 км масофада истирок этиш ёши эса 14 ёш ва ундан катта. Барча шаҳарларда соат 6:30 да ягона старт берилади.

Тошкент шаҳрида иштирок этиш нархи:

  • 3 км масофа учун — 99 минг сўм;
  • 10 км масофа учун — 149 минг сўм.

Иштирокчи тўплами қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • футболка;
  • кепка;
  • иштирокчининг старт рақами;
  • рақамни илиш учун тўғноғичлар.

Иштирокчи тўпламларини бериш Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси томонидан 1−2 сентябрь кунлари соат 10:00 дан 19:00 га қадар қуйидаги манзилда амалга оширилади: Ислом Каримов кўчаси, 98-уй, мўлжал — «Пахтакор» стадиони.

Реклама ҳуқуқлари асосида.