Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповга икки янги ўринбосар тайинланди, дея хабар бермоқда ҳокимлик матбуот хизмати.

Арашов Жалол Самандарович ҳокимнинг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

бухоро вилояти, ҳоким ўринбосарлари
Фото: АОКА

У 1988 йил 6 октябрда Қоракўл туманида туғилган. 2009 йилда Тошкент архитектура ва қурилиш институтини тугатган. Арашов айни вақтга қадар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари вазифасида ишлаб келган.

Шахриёров Ботиржон Завқиддинович ҳокимнинг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

У 1971 йилда Ғиждувон туманида туғилган. 1994 йили Тошкент давлат техника университетини, 1998 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университети магистратурасини, 2004 йили Ўзбекистон миллий университетини тамомлаган.

бухоро вилояти, ҳоким ўринбосарлари
Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Шахриёров Давлат солиқ қўмитаси жисмоний шахслар даромадларига солиқ солиш бошқармаси бошлиғи (2009−2011), Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази бош директори в.б. (2011−2014), «Тошкент» республика фонд биржаси акциядорлик жамияти бошқаруви раиси (2014−2015), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғи (2015−2017) лавозимларида фаолият юритган.

У 2022 йилнинг апрель ойида собиқ туризм ва маданий мерос вазирининг оммавий тадбирлар ва маданий мерос масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган ва 2023 йилнинг январида ушбу лавозимдан озод қилинган.