8 август куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 74 ёшли пиёда вафот этди. Бу ҳақда пойтахт ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Соат 23:50 да туманнинг Кичик ҳалқа автомобиль йўли кўчасида 21 ёшли ҳайдовчи Malibu автомашинасини бошқариб кетаётиб, йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган пиёда — 1949 йилда туғилган М.Ҳ.ни уриб юборган.

ЙТҲ оқибатида пиёда олган тан жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган ҳолда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда, дейилади хабарда.

Юқоридаги модда бўйича айбдор деб топилган шахслар муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши белгиланган.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистондаги ЙТҲларнинг қарийб ярми пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ экани, шундай қоидабузарликка йўл қўйган ҳайдовчилар қандай жазоланаётгани бўйича судларнинг тасодифий 50 та қарорини ўрганганди. Жараёнда пиёда ўлими учун бирор-бир ҳайдовчи қамалмаганини кўриш мумкин.