8 август куни соат 01:30 атрофида Бухоро вилояти Қоракўл туманида чақалоқ қаровсиз ташлаб кетилгани аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Тунги хизматга жалб этилган вилоят ИИБ ППХ баталони туманлараро бўлинмаси сафдор ходими Шаҳзод Саидов ва туман ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант Ҳабиб Абдураҳмонов туман марказий касалхонасининг травма пункт биноси орқа томонидан ўтаётганида чақалоқ йиғисини эшитган. Шу атрофни синчковлик билан кўздан кечиришганида девор ёнида яшил рангли пакет ичида ўғил бола жинсига мансуб, тахминан 3−5 кунлик соғлом ҳолатдаги чақалоқ борлиги аниқланган.

Шу пайтнинг ўзида чақалоқни ИИО ходимлари туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимига олиб борган. Унга зарурий биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, соҳа мутахассислари назоратига олинган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида чақалоқ 4 август куни яшаш хонадонида ҳеч қандай тиббиёт ходимларисиз соат тахминан 08:00 атрофида дунёга келтирилгани ва онаси — 1995 йилда туғилган, Қоракўл тумани «Мироб» маҳалласида яшовчи Б.З. исмли аёл уни 7 август куни соат 21:00 атрофида ташлаб кетгани маълум бўлган.

Ҳозирги пайтда ҳолат ҳамда уни келтириб чиқарган сабаб ва омилларни аниқлаш юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.