«Ташаббусли бюджет»нинг 2023 йил 2-мавсумига лойиҳалар киритиш босқичи ўз ниҳоясига етди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. Унга 17 июль куни старт берилганди.

Бу мавсумда республика бўйлаб 9426 та маҳалладаги инфратузилма яхшиланиши учун жами 49 464 та таклиф келиб тушди. Лойиҳаларнинг энг кўпи Сурхондарё вилоятида киритилган — 12 279 та. Қолган вилоятлардан киритилган таклифлар сони 4 мингтагача. Шунингдек, республикадаги энг кўп лойиҳа ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ (15 140 та). Бундан ташқари маҳалласи ҳудудини ободонлаштиришни истаб порталга таклиф ёзганлар сони 14,8 мингтадан ошган.

open budget

open budget

Энди бу лойиҳалар 20 кун давомида саралаб олинади. Уни ҳар бир туман (шаҳар) ҳокимликлари қошида ташкил этилган ишчи комиссиялар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқади. Сараланган лойиҳаларга овоз бериш босқичи 27 августдан бошланади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу мавсум учун туман (шаҳар) бюджетлари ҳисобидан 1 трлн сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилиши кутилмоқда. Бу маблағлар мавсум якунига қадар ортиб бориши айтилган.

Фуқаролар жараёнда иштирок этиш шартлари бўйича ўзини қизиқтирган саволларга ушбу ҳавола орқали жавоб олиши мумкин.

Маълумот ўрнида, 2022 йил 12 октябрь кунги йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларига берилишини маълум қилганди.

«Умуман, келгуси йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина „Ташаббусли бюджет“ орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилади. Бунда „Ташаббусли бюджет“ лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 трлн сўмга етказилади», — деганди президент.

2023 йил февраль ойида «Ташаббусли бюджет» 1-мавсумига жами 1,7 трлн сўм ажратилиши маълум бўлган. Жамоатчилик томонидан билдирилган таклифларни молиялаштириш учун 2023 йилда бюджетдан ажратиладиган жами 8 трлн сўм маблағ қуйидагича тақсимланиши режалаштирилган:

  • 2 трлн сўм — «Ташаббусли бюджет» жараёнлари учун туман ва шаҳар бюджетларида режалаштирилган;
  • 320 млрд сўм — «Менинг йўлим» лойиҳаси доирасида туман ва шаҳар бюджетларида режалаштирилган;
  • 4 трлн сўм — «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида шакллантириш учун.