Вазирлар Маҳкамасининг 31 июлдаги қарори билан миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Унга кўра, 2023 йил 1-октабрга қадар ID-карта ва хорижга чиқиш паспортларини почта орқали эгаларига етказиб бериш жараёни йўлга қўйилади.

2023 йил 1 декабрдан бошлаб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хамда транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари хизмат кўрсатувчи ходим томонидан мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб, планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида қушимча тўлов асосида кўрсатилади.

Сайёр давлат хизматларидан фойдаланишни хоҳловчилар қуйидаги йўллар орқали мурожаат қилишлари мумкин:

  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали;
  • Call-марказ, расмий веб-сайт хамда мобил илова.

Мурожаат қилувчи шахс сайёр давлат хизматидан фойдаланиш учун исталган бўш кунни белгилаши мумкин.

Мурожаатчи сайёр давлат хизматларидан фойдаланиш учун стандарт тўлов ва йиғимлардан ташқари транспорт харажатларини тўлаши керак бўлади. Бунда тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг (агар масофа 10 км ичида бўлса) 21,9 фоиздан (100 км бўлса) 83,2 фоизигача қийматда ҳисобланади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мурожаат қилинган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида қўшимча тўловлар олинмаган ҳолда сайёр давлат хизматлари кўрсатилади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари қаторига қуйидагилар киради:

  • ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар;
  • муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;
  • ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинган шахслар;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
  • қонунчиликда белгиланган тартибда ижтимоий хизматларга муҳтож деб топилган шахслар.

Бундан ташқари, фуқаролар автомототранспорт воситаларини рўйхатга олиш ва давлат рақам белгиларини бериш сайёр давлат хизматига буюртма беришлари мумкин.

Сайёр давлат хизматларини кўрсатиш учун қўшимча тўловлар миқдори тақдим этиш муддатига боғлиқ. Хусусан:

  • 1 кун учун БҲМнинг 4 баравари;
  • 3 кун давомида — БҲМнинг 3 баравари;
  • 5 кун давомида — БҲМнинг 2 баравари.

Агар масофа 10 километрдан ошса, ҳар бир километр учун БҲМнинг 5 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.