Пойтахт ва Тошкент вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)да текширувлар ўтказилиб, 5 та «заправка»да жами 11 млрд 54 млн 643 минг сўмлик табиий газ ўғирлангани маълум бўлди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Текширувлар 27 июлдан 5 августгача олиб борилган. Жумладан:

  • Тошкент вилояти Пискент туманида жойлашган «Камолот истиқлол кўмакчиси» МЧЖга қарашли 3 та АГТКШда жами 7 млрд 822 млн 675 минг сўмлик;
  • Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган «Кошона пойдевори» МЧЖга қарашли АГТКШда 1 млрд 907 млн 168 минг сўмлик;
  • Тошкент шаҳри Сергели тумани «Қорасув» МФЙда жойлашган «Нур Зиёд файз бизнес» МЧЖга қарашли АГТКШда 1 млрд 324 млн 800 минг сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди.

Ушбу ҳолатларда табиий газ ҳажмини ҳисобга олиш учун ўрнатилган бир маротабалик назорат тамғаси қасддан бузилган, ҳисоблагичдаги манифольд қисми тенглаштирувчи жўмраклари қисман очиқ ҳолатда бўлган (улаш тартиби бўйича тўлиқ ёпиқ ҳолатда бўлиши керак).

Шунингдек, ўрнатилган газни ҳисобга олиш ускуналарида назорат қилинадиган маълумотлар истеъмолчилар аралашуви билан қисман йўқотилишига йўл қўйилган, яъни газни ҳисобга олиш ускунасининг электр таъминоти тизимидан вақти-вақти билан узиб қўйиш йўли билан истеъмол қилинган табиий газ ҳажмининг ҳақиқий кўрсаткичлари ҳисоботлардан яшириб келинган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларига тақдим қилинди.