Жиззах вилояти ИИБ ижтимоий тармоқларда Фориш туманидаги қишлоқлардан бирида болалар боғчаси мудираси пичоқлаб ўлдирилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 5 август куни соат 02:30 да Фориш туманидаги «Дўстлик» маҳалласида яшовчи 1975 йилда туғилган А.Х. пичоқланган.

А.Х. Фориш тумани тиббиёт бирлашмасига тан жароҳатлари билан келтирилган ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, унинг биологик ўлими қайд этилган.

«Олиб борилган тезкор суриштирув жараёнида А.Х.га 5 август куни соат 00:30 да 1989 йилда туғилган маҳалладоши О.А. ўзаро келишмовчилик оқибатида ошхона пичоғи билан тана қисмига икки марта зарба бергани аниқланган», — дейилади ИИБ ахборотида.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104- моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3- қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят содир этишда гумонланган шахс процессуал тартибда қамоққа олинган.