Сенатнинг 4 август куни бўлиб ўтган қирқ учинчи ялпи мажлисида юқори палата раиси Танзила Нарбаева хотин-қизлар ва болаларга нисбатан бўлаётган зўравонликлар, зўравонларга чора кўриш масалалари тўғрисида гапирди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Танзила Нарбаеванинг айтишича, зўравонлар албатта жиноий жавобгарликка тортилиши, маҳалла фаоллари уларнинг ёнини олмасликлари керак.

«Ҳозир ижтимоий тармоқларда чиқаётган ҳар битта зўравонлик ҳолати: аёллар ва болаларнинг азият чекаётганига чидаб бўлмайди. Бундай ҳолатларда айбдорлар тезкор жиноий жавобгарликка тортилиши керак. Зулайҳо Баҳриддиновна, маҳалладаги фаолларингиз ҳеч қачон „аризангни қайтиб ол“, „оилада бўлади-ку“ деган [гапларни айтмаслиги керак]. Қонун қабул қилиндими, ўша зўравон жавобгарликка тортилиши, жазо олиши шарт. Шунинг учун бу масалалар бўйича сиз ҳам маҳалла фаолларингиз билан ўқувлар ўтказишингиз керак. Маҳаллада туриб олиб, фақат зўравоннинг ёнини олиш ҳолатлари бўлиш керакмас», — деди у.

Сенат раисининг сўзларига кўра, ҳудудларда масъуллар катта-катта маош олмоқда, аммо улар кузатувчилик қиляпти, холос.

«Президент шунча институтларни кўпайтирди, маҳаллада бешлик қилиб берди. Ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ишлаши керак-ку. Бир нарса бўлса, у менинг ишим эмас, суднинг иши, бир нарса бўлса, бу менинг эмас, ички ишларнинг иши, деб турамиз. Бу кимнинг иши унда? Бу ҳаммамизнинг, жамиятимизнинг иши. Шунинг учун охирги пайтларда бўлаётган ҳолатларга чидай олмаяпман. Ҳаммаларингиз кузатувчи, назоратчи бўлиб қараб ўтирибсизлар. Буни албатта президент айтиши керакми? Ҳамманинг вазифаси бу, ҳозир ҳамма катта-катта ойлик олиб ўтирибди жойларда. Президент айтганидан кейин қимирлаб қолишади. Президент яна бошқа жойга бориб, бошқа масалани кўтарса, бу масала эсдан ҳам чиқиб кетади, бошқа масалага киришиб кетади. Бу қанақа амалиёт бўлди, қанақа иш услуби бўлди?» — деди Танзила Нарбаева.

Юқори палата раиси Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталарининг ушбу масаладаги ишлари талабга жавоб бермаслиги, улар Олий суд вакилларига ёрдам беришга киришишлари кераклигини таъкидлади.

«Қараб ўтирманглар, бу масалани кейинги ҳафта кенгашимизнинг кун тартибига олиб чиқамиз. Гендер масалалири ичида буни алоҳида кўриб чиқамиз», — деди Нарбаева.