2022 йил 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган воқеаларни бартараф этишда ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган Ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаган ходимлар жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2023 йил 4 августдаги ҳукми билан 1996 йилда туғилган Т. А. ва 1985 йилда туғилган Х. С. Жиноят кодексининг 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Уларнинг ҳар бирига 2 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, 1979 йилда туғилган Ж. М. Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми (хавф остида қолдириш одам ўлимига сабаб бўлса) ва 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга 1 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Биринчи инстанция судининг ушбу ҳукмидан норози томонлар қонунчиликда белгиланган тартибда Бухоро вилоят судига апелляция тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.