Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида банк ходими 212,8 млн сўм пулни талон-торож қилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, «Халқ банки» Қувасой филиали ғазначиси Х.Р. 2023 йилнинг май-июнь ойларида жами 212,8 млн сўмни яқин қариндоши С.Ш. ҳамда ўзининг пластик картасига ўтказиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган. У ўзига бириктирилган банкоматни нақд пул билан тўлдириш ҳамда сейф қисмидаги кассеталарни олиш учун рухсат берилганидан фойдаланиб ушбу ишни амалга оширган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.