Ўзбекистонда 2023 йил июль ойи барча жойларда иқлимий меъёрдан 1,5−2,5 даражага илиқроқ бўлди, деб хабар берди Ўзгидромет. Шу билан бирга, ўтган ойдаги максимал ҳаво ҳарорати янги рекордларни ўрнатмади.

Ойнинг ҳарорат тартиби турлича бўлди. Биринчи ўн кунликда Ўзбекистон ҳудудига Кавказдан салқин ҳаво кириб келди ва ҳудуднинг катта қисмида +32…+36 даража атрофида бўлган қулай ҳаво ҳарорати кузатилди ва ҳатто республиканинг энг чекка жанубида ҳам ҳарорат +37…+39 даражадан юқорига кўтарилмади.

Аммо иккинчи ўн кунликнинг бошидан ёз республика ҳудудида ўз таъсирини ўтказишни бошлади. Республика ҳудудига Эрондан яна иссиқ тропик ҳаво кириб келиши бошланди ва ҳарорат кўтарилди. Ўзбекистоннинг катта қисмида кундузги ҳарорат +37…+40 даража атрофида, энг иссиқ даврларда эса +41…+42 даражагача, жанубда +43…+45 даражагача, чўл ҳудудларда ва Оролбўйида 46 даражагача бўлди.

Июль ойида ҳарорат 40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони: Тошкентда 8 кун (ўртача йиллик қиймати (меъёр) 2 кун), Термиз шаҳрида 24 кун (меъёр 16 кун), Нукусда 8 кун (меъёр 4 кун) қайд этилди.

Энг иссиқ июль ойи рейтингида 2023 йил июль ойи ҳудуднинг каттта қисми бўйича 2019 ва 2021 йилларнинг июль ойларидан сўнг биринчи учликка кирди. Республиканинг ғарбий ва жануби-ғарбий ҳудудлари бўйича бу йилнинг июль ойи энг иссиқ июль ойлар орасида 4−6-ўринни эгаллади.

2023 йил июль ойи қуруқ бўлди, бундай ҳолат Ўзбекистон бўйича ушбу ой учун хосдир. Ҳудуднинг катта қисмида ёмғир умуман ёғмади ёки уларнинг миқдори бироз бўлди. Фақат республиканинг тоғли ҳудудларида бир ой ичида 13 мм дан 30 мм гача, Тошкент вилоятининг баланд тоғларида ва Қамчиқ довонида эса ой учун ёғингарчилик
35−48 мм гача бўлди.

Аввалроқ Ўзгидромет август ойида қандай об-ҳаво кутилаётганига оид прогнозларини эълон қилганди.