Тошкент вилоятидаги Чотқол давлат биосфера қўриқхонасида Сибир тоғ эчкиси, ёввойи чўчқа ва бўриларнинг тасвирлари фотоқопқонга муҳрланди. Тасвирлар Майдонтол ҳудудида ёзиб олинган.

Сибир тоғ эчкиси Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Уни асосан чиқиш қийин бўлган баланд тоғларда учратиш мумкин. Бу жонзотлар ўртача 15−17 йил яшайди. Йилда 1−2 марта болалайди. Вазни 35 дан 150 килограммгача етади.

Ёввойи чўчқа Ўзбекистонда дарё водийларида, кўллар қирғоғида, тоғлардаги баргли ва арчазор ўрмонларда, қояли дараларда тарқалган, ўзлаштирилган ерларда ҳам учрайди. Яхши сузади. Қишда 15−20 км гача чўлга келиб туради. Ёввойи чўчқа асосан тунда фаол бўлади. Тошлар ёки буталар остида соз тупроққа чуқурча қазийди ва ётар жой тайёрлайди, у ерда кундузи яшириниб олади. Ёввойи чўчқа озуқа танламайди, у ҳаммахўр ҳайвон ҳисобланади.

Ўсимликлар новдаси, илдизпояси ва пиёзи, мева, сабзавотлар, чувалчанглар, ҳашаротлар, балиқлар, қушларнинг тухуми, майда кемирувчилар билан озиқланади, қишда дарахтлар пўстлоғини ҳам ейди. Табиатда фақат бўри уларнинг душмани бўлади. Ёввойи чўчқа ов қилинадиган ҳайвон сифатида қадрланади. У ов ва ўрмон хўжаликларида ов мавсуми даврида махсус рухсат (лицензия) билан овланади.

Бўрилар Ўзбекистонда инсон томонидан кўп таъқиб қилинади, шунинг учун сони кўп эмас. У турли шароитда яшашга мослашган. Ўзбекистондаги чўл ва тоғ ҳудудларида тарқалган, ўзлаштирилган ерлар чеккасига келиб туради. Бўрилар оила бўлиб яшайди. Бўри — жуда кучли, эпчил, чидамли, ақлли ва тажовузкор йиртқич ҳайвон. У бир неча кунлаб оч қолиши мумкин ва шу билан бир қаторда озуқа қидириб, жуда катта масофа йўл юриши мумкин. Унинг ўлжаси туёқлилар, қуёнлар, кемирувчилар, қушлар ва унинг тухуми, калтакесаклар, балиқлар, ҳашаротлар ҳисобланади, ҳамда турли хонаки ҳайвонлар — паррандалар, мушуклар, итлар, қўй, эчки, эшак, от ва қорамол ҳисобланади.

Айрим ҳолларда инсонларга ташланиши мумкин. Гўшт бўрининг асосий озуқаси ҳисобланса ҳам, у тўкилган-сочилган мева, ғаллалилар, сабзавотларни, олма, узум, тут, жийда, полиз экинларини ва бошқаларни ҳам ейди. Табиатда бўри жуда муҳим вазифани бажаради ва биохилма-хилликда зарур ўрни бор. Табиатда ёшларни, нимжон, касалванд ва қариган жонзотларни овлаб, ҳайвонлар турининг саломатлиги ва сонини тартибга солади. Шунга қарамай у ўта хавфли қутуриш касаллигининг тарқатувчиси ҳисобланади.