Пойтахт ҳокимлиги таъсисчилигида акциядорлик жамияти шаклидаги «Тошкент инвест» махсус компанияси ташкил этилмоқда. Компания шаҳар ҳокимлиги ва тадбиркорлар ўртасида «кўприк» вазифасини бажариши керак бўлади. Унинг ташкил этилиши президентнинг 26 июлдаги «Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантириш тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

Компания устав капитали кенгаш қарорлари асосида шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан босқичма-босқич 1 триллион сўмга етказилади.

Компания кузатув кенгаши маблағларни лойиҳалар ва бошқа мақсадларга йўналтириш, шунингдек, банклар ва халқаро молия институтларининг кредитларини жалб қилишга масъул бўлади.

«Тошкент инвест» компанияси фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлиши белгиланган:

  • Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, шунингдек, улардаги корхона ва муассасалар мулки (муниципаль мулклар) ҳолатини таҳлил қилиш, мавжуд ресурслар ва имкониятларни аниқлаш, улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
  • муниципал активларни бошқариш, улар негизида давлат ҳамкори сифатида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш ва уларни ижарага ҳамда тадбиркорлар бошқарувига бериш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолаш.
  • муниципал мулк объектларининг инвестицион жозибадорлигини ошириш, улар негизида инвесторлар билан биргаликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш.
  • тадбиркорларнинг Тошкент шаҳри инфратузилмасини ривожлантиришга доир истиқболли лойиҳаларини молиявий жозибадорлиги ва самарадорлигидан келиб чиқиб молиялаштиришда иштирок этиш.
  • Тошкент шаҳрининг айрим туманларини ривожлантириш ва ободонлаштириш дастурлари, қурилиши режалаштирилган объектларнинг бош режаси ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни ташкил этиш.
  • Тошкент шаҳридаги давлат сектори корхоналари фаолиятини таҳлил қилиш, уларнинг фаолиятини трансформация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
  • Тошкент шаҳрида қурилиш ва реконструкция ишларини ҳамда инфратузилма тармоқларига уланиш жараёнларини мувофиқлаштириш.

Ҳужжат билан «Тошкент инвест» компанияси ва тадбиркорлар ўртасида ер участкалари асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамаси корхоналарга ер участкаларини 49 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга ижарага бериши кўзда тутилган. «Тошкент инвест» бу участкалар нархини баҳолаш ташкилотлари орқали белгилайди.

Ер участкалари инвестиция лойиҳасининг бош режаси, лойиҳа ҳужжатлари ва бошқа рухсатномалар расмийлаштирилгандан сўнг уларда «Тошкент инвест» компанияси билан биргаликда, унинг буюртмаси асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун электрон ким ошди савдосига қўйилади.

Ким ошди савдоси натижасида шаклланган нарх ким ошди савдоси ғолибининг хўжалик жамиятининг бир йил ичида яратилиши лозим бўлган устав капиталига қўшган ҳиссасига айланади. Шу билан бирга, янги ташкил этилаётган хўжалик жамияти капиталидаги ҳокимлик компаниясининг улуши 50 фоизгача бўлади. У қандай шакллантирилишига аниқлик киритилмаган.

Ташкил этилган корхонанинг таъсис ҳужжатларидаги «Тошкент инвест» акциядорлик жамиятининг улуши қурилган объектнинг бир қисми ёки унинг қиймати эвазига бошқаларга ўтказилиши мумкин. Бунда улушнинг қиймати ким ошди савдосида шаклланган давлат активи қийматидан кам бўлмаслиги керак.

«Тошкент инвест» компанияси қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ўзига берилган ер участкалари базасида ким ошди савдоси ғолиблари билан тадбиркорлик субъектини ташкил этмасдан ҳамкорлик қилиши мумкин бўлади.

Тошкент тараққиёт жамғармаси

Компания, шунингдек, Тошкент тараққиёт жамғармаси деб қайта номланаётган ҳокимлик ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини ҳам бошқаради. Унинг мақсадлари — «инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ва коммунал ҳамда бошқа соҳаларидаги аҳоли кундалик ҳаётининг долзарб масалаларни тезкор ҳал қилиш».

Жамғармани молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат бўлади:

  • фонд томонидан молиялаштириладиган лойиҳалардан олинган даромадлар, шу жумладан «Тошкент инвест» компаниясининг яратилган активларини сотишдан тушган тушумлар;
  • ҳокимлик компанияси давлат ҳамкори сифатида иштирок этган ДХШ лойиҳалари бўйича даромадлар;
  • Тошкент шаҳридаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш ва ер участкаларини кимошди савдоси орқали ижарага бериш ҳуқуқини реализация қилишдан олинган маблағларнинг 70 фоизи, ҳукумат томонидан белгиланадиган харажатлар, шунингдек, ер жойлашган туман бюджетига тушадиган қисми чегирилган ҳолда. Махсус иқтисодий зоналар, кичик, ёшлар, саноат ва ишбилармонлик зоналари ҳамда business city ҳудудлари бундан мустасно;
  • Шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказиладиган Тошкент шаҳрида фото ва видео қайд этиш воситасида қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдорининг 50 фоизи;
  • ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари тарифларида кўзда тутилган махсус устама тўловининг бир қисми;
  • Тошкент шаҳрида ташқи реклама ва ахборот объектларини жойлаштирганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тўловнинг 20 фоизи;
  • пойтахтда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун шаҳарсозлик объектини қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш тўловининг 100 фоизи;
  • пул маблағларини банкларга жойлаштиришдан олинган даромадлар;
  • шаҳар бюджети даромадларининг режадан ошириб бажарилган қисмидан ажратмалар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари.

Жамғарма маблағлари ДХШ лойиҳаларини, Тошкент шаҳрида инфратузилмани ривожлантириш билан боғлиқ истиқболли лойиҳаларни, пойтахтнинг айрим туманларини ривожлантириш ва ободонлаштириш дастурларини, қурилаётган объектларнинг бош режаси ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни, иқтисодий ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришни молиялаштиришга йўналтирилади.

Жамғарма, шунингдек, қурилаётган Янги Ўзбекистон массивларида, давлат уй-жой қурилиши дастурларига киритилган массивларда, шунингдек, махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида (ичимлик суви ва канализация, электр таъминоти, табиий газ тармоқлари ва йўллар) инфратузилма яратиш учун маблағлар ажратади.

Шунингдек, инвесторнинг ўз маблағлари улуши 25 фоиздан кам бўлмаган, қиймати 200 миллиард сўмдан ортиқ бўлган объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлашга ҳам маблағ ажратилади. Рўйхатга инвестиция дастурларига киритилган лойиҳалар, шунингдек, халқаро ва республика миқёсидаги автомобиль йўллари бўйидаги инфратузилма лойиҳалари ҳам киритилган.