Иқтисодчи Миркомил Холбоев «Газета.uz»нинг «Мифономика» подкастида меҳмон бўлиб, протекционизм ҳар доим жамият манфаатларига хизмат қилади деган миф ҳақидаги саволга жавоб берди. Унинг айтишича, қайсидир соҳа узоқ вақт ҳимоя қилинса, вақт ўтиши билан аҳоли унинг фойдасизлигини сеза бошлайди. «Масалан, 2000 йилда одамларимизда бизга автомобиль заводи керакми, деган савол бўлмаган», — деди у.

Интервьюни мантли шаклда қуйида ўқишингиз мумкин.

Протекционизм нима?

Протекционизм, бу — мамлакатнинг қайсидир соҳаларини ёки ҳамма соҳасини ривожлантириш мақсадида қанчадир вақтга ташқи дунёдан ҳимоя қилиниши ҳисобланади. Бунда юқори божлар орқали ёки бож бўлмаган тўсиқлар орқали товарларнинг мамлакатга кириб келиши қайсидир маънода чекланади.

Асосий мантиғи шундан иборатки, биз бу соҳаларга қанчадир вақт берсак, қачондир ривожланади ва кейинчалик савдога бўлган тўсиқларни олиб ташлашимиз мумкин деган қараш бўлади.

Лекин дунё тажрибасини кўрсак, масалан, Лотин Америкаси мамлакатларида ёки кўплаб Африка давлатларида ҳозирги саноат ишлаб чиқаришининг номинал қиймати 70-йиллардагидан ҳам пастроқ. Шунга қарамай, улар саноат сиёсати юритишади, яъни қайсидир саноат тармоқларини ҳимоя қилади.

Умумий қилиб жавоб берсам, протекционизм, бу — қайсидир саноат тармоқларини ривожлантириш мақсадида ташқи дунёдан ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Протекционизм жамиятга қанчалик фойдали ёки зарарли?

Бозор ёпиқ бўлганида, табиийки, ички нархлар жаҳон бозоридан кўра юқорироқ бўлади. Яъни истеъмолчилар, Ўзбекистон мисолида 35 млн аҳоли ўша маҳсулотни қимматроқ сотиб олишга мажбур бўлади. Агар уларнинг бир йил давомида товарни қимматроқ сотиб олишдан йўқотган пулини ҳисобласангиз, бу ўша компаниянинг фойдасидан ҳам, компания умумий иқтисодиётга келтираётган фойдадан ҳам каррасига юқорироқ чиқади.

Бунда компания давлатники бўлса, давлатга тушираётган тушумлари ёки солиқ тўловлари ёхуд ишчиларни банд қилгани қўшиб ҳисобланганда ҳам шундай бўлади.

Масалан, қайсидир компания 5 ёки 10 минг нафар ишчини банд қилса, лекин маҳсулотининг нархи жаҳон бозоридан 40 ёки 50 фоиз юқорироқ бўлса, унинг ишчиларини ишлатмасдан шунчаки истеъмолчилар пул тўлагани ҳам фойдалироқ бўлади, арзонроққа тушади.

Бу соҳада банд бўлган одамлар аксарият ҳолларда умумий аҳолининг 1 фоизини ҳам ташкил қилмайди. Истеъмолчилар эса — бутун аҳоли. Истеъмолчилар умумий аҳолининг 50, 40, 30 фоизи бўлса ҳам бу жуда катта кўрсаткич ҳисобланади. Шу сабабли истеъмолчилар йўқотиши каррасига юқорироқ чиқади, бу исталган соҳада шундай.

Савдога тўсиқлар ривожланган мамлакатларда ҳам бор, улар ҳам тўлиқ эркин бозорга ўтмаяпти. Буни қандай изоҳласа бўлади?

Биринчи навбатда, кўпчилиги барқарорлик нуқтаи назаридан. Ривожланган давлатларга қарасангиз, аксарият ҳолларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўсиқлар қўйилган. Бошқа товарларга тўсиқлар у қадар юқори эмас. Мен буни ҳам адолатли ёки тўғри деб ҳисобламайман.

Уларнинг келтирадиган сабаби, айтганимдек, барқарорлик ҳисобланади. Яъни агар биз қайсидир давлатга боғланиб қолсак, қандайдир кўринмас келажакда унинг бадалини тўлашимиз мумкин. Реал мисоллар ҳам бор, масалан, Россия билан газ импорти бўйича боғлиқлик мавжудлиги. Урушдан олдин, адашмасам, Европа истеъмол қиладиган газнинг 40 фоизи Россиядан келар эди.

Иқтисодий инқирозлар нима учун протекционизмни кучайтиради?

Сабаби оддий. Юқорида айтганимдек, барқарорлик. Яъни қандайдир мувозанат бузилса, агар сиз дунёга жуда ҳам боғлиқ бўлсангиз, сизда барқарорлик бузилади. Қанча кўп савдо қилсангиз, дунёга шунча кўп боғлиқ бўласиз ва дунёдаги қандайдир ўзгариш сизга кўпроқ таъсир қилади. Асосий сабаблари шу.

Сиз 5−10 йилда бир содир бўладиган воқеа сабаб бозорингизда нархлар ошишини ёки мувозанат бузилишини хоҳламайсиз. Шу сабабдан ҳимоя қиласиз. Бу сиёсий жиҳатдан анча яхши. Чунки аҳоли импорт товарлар нархи ўсишини кўрса, уларда норозилик уйғонади. Улар ҳам барқарорликни хоҳлайди.

Сайловчилар ёки бошқа нуқтаи назардан қараганимизда ҳам, қандайдир халқаро инқироз ёки уруш бўлганда савдони чеклашга ҳамма нарса тайёр бўлади, аҳоли ҳам буни қабул қилади, сиёсатчилар ҳам. Шунинг учун аксар ҳолларда дунёда глобал миқёсда мувозанат бузилса, бу савдога тўсиқлар ошишига олиб келиши мумкин.

Лекин бизда, масалан, ковид пандемияси даврида нисбатан тескари тенденция кузатилди. Бир қатор озиқ-овқат товарларига божлар вақтинчалик бекор қилинди ва ҳозиргача бу давом этяпти.

Яъни қайсидир маънода ковид бизда савдони эркинлаштирди. Бошқа товарларга божлар ошмади, лекин озиқ-овқат товарларининг кўпчилиги учун божлар туширилганини кўрдик. Буни ковидгача бўлган вақтда Ўзбекистонда божлар етарлича юқори бўлгани билан изоҳлаш мумкин.

«Протекционизм дейишни ёмон кўраман, бу менга абадий сўздек туюлади». Нима учун?

Протекционизм дейишни ёмон кўраман, чунки бу менга абадий, доимий сўзга ўхшаб туюлади.

Янги очилган корхонани қисқа вақт ичида қўллаб-қувватлаш ва кейинчалик уни қўйиб юборишни назарий жиҳатдан асослаб берса бўлади. Лекин бу нарсани қўллаган мамлакатларнинг кўпчилиги муваффақиятга учрамаган. Бу ҳолатга таъсир қилувчи омиллар бор, масалан, корхона 5 йил ҳимоя қилиниши режалаштирилган бўлса, шу вақт ичида кучайиб, сиёсатга таъсир қилишни бошлаши мумкин. Ёки қайсидир соҳа танланаётганда бу танлов хато бўлиши мумкин. Танловга ҳам кўп нарса боғлиқ. Танлов ўша мамлакатнинг нисбий устунлигига мос келиши керак.

Кўп ҳолларда ривожланаётган мамлакатлар бирдан сакраб ўтишга ҳаракат қилади. Яъни, дейлик, биринчи текстилни эмас, автомобиль ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлайди. Айни вақтда мамлакатнинг нисбий устунлиги айнан шу текстилда ҳам бўлиши мумкин. Кўп ривожланган мамлакатларнинг муаммоси шунда, яъни бирдан юқори капитал талаб этадиган, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳаракат қилишади.

Бунда уларнинг нисбий устунлиги умуман йўқ бўлиши мумкин. Яъни уларни қанча ҳимоя қилса ҳам натижа бермайди бу нарса.

Бизда оддий одамлар орасида дунёга очилишга, эркин савдога нисбатан қўрқув кучли эмасми?

Асосланмаган қўрқувлар кўп. Кўпчиликдан, масалан, савдонинг ёпиқлигини қўллаб-қувватловчи одамлардан сўрасангиз, валютанинг чиқиб кетишини асосий аргумент сифатида келтиради. Валюта чиқиб кетади ва биз доимий равишда дунёга экспортимиздан кўра кўпроқ импорт қиламиз, бу эса иқтисодиётимизни ўлдиради деган қараш бор. Аслида бу тўғри эмас.

Шу нуқтаи назардан одамларда қайсидир маънода қўрқув бор дейишим мумкин, лекин вақт ўтиши билан, ахборот технологиялари ривожланиши, бошқа давлатларни кўриб келадиган одамлар кўпайиши ва бошқа кўплаб сабабларга кўра, одамлар протекционизм зарарини англай бошлайди.

Масалан, автомобилсозлик бўладими ёки бошқами, қайсидир соҳа узоқ вақтдан бери ҳимоя қилинган бўлса, аҳоли унинг фойдасизлигини вақт ўтиши билан сезади. Унга йиллар керак бўлади. Масалан, 2000 йилда бизнинг одамларда «бизга автомобиль заводи керакми?» деган савол бўлмаган. Мен ишонаман, бундай савол бўлмаган ўша вақтда.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Ҳозир эса бу савол кўпчиликда бор. Яъни бу вақт ўтиши билан ўз-ўзидан йўқолиб борадиган қўрқув десак бўлади.