«Газета.uz» 2023 йил 1 августдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Иш стажига эга бўлмаганларга бериладиган нафақа миқдори оширилади.

Президентнинг 2023 йил 28 июлдаги [ПФ-120-сонли] фармони билан 2023 йил 1 августдан:

  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 568 000 сўм (олдин — 535 000 сўм эди);
  • иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 568 000 сўм;
  • ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори — ойига 568 000 сўм;
  • боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 568 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун — 198 000 сўм этиб белгиланади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори — ойига 568 000 сўм этиб белгиланиб, кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.


2. Айрим тиббиёт муассасаларида тиббий психолог, суицидолог лавозимлари жорий этилади.

Президентнинг 2023 йил 19 июндаги [ПҚ-196-сонли] қарори билан:

  1. туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида — тиббий психолог;
  2. стационар ўринга эга бўлмаган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва таркибида диспансер мавжуд бўлган руҳий касалликлар шифохоналарида — суицидолог;
  3. стационар ўринга эга бўлган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва руҳий касалликлар шифохоналарида — қабул бўлими шифокори, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари жорий этилади.

3. Ота-оналарнинг фарзанди таълими учун тўлаган пуллари даромад солиғидан озод қилинади.

Президентнинг 2023 йил 8 майдаги [ПФ-67-сонли] фармони билан 1 августдан солиқ тўловчилар томонидан ёшидан қатъи назар фарзандларининг Ўзбекистондаги таълим ташкилотларида таълим олишлари учун йўналтириладиган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилади.


4. Сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга ошириш бўйича электрон платформа ишга туширилади.

Президентнинг 2023 йил 16 майдаги [ПҚ-158-сонли] қарори билан:

  • «Сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга ошириш электрон платформаси» ишга туширилади;
  • сув омборларида ишловчи масъул ходимларнинг сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни амалга ошириш ва бирламчи таҳлил қилиш бўйича ҳар 2 йилда малакасини ошириш амалиёти йўлга қўйилади.

5. Ёшларга компьютер харидлари учун ажратиладиган маблағлар банк картасига ўтказилиши мумкин.

Президентнинг 2023 йил 24 майдаги [ПҚ-162-сонли] қарори билан

  • Ёшларга компьютер харидлари учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан микроқарз шаклида;
  • «Ёшлар дафтари» ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жамғармалари ҳисобидан бериладиган субсидия маблағларини ижтимоий контракт асосида ёшлар хоҳишига кўра алоҳида очилган банк картасига (нақдлаштириш имкониятисиз) ўтказишга рухсат берилади.

6. Давлат органларининг ахборот технологиялари соҳасидаги айрим масъул ходимларига 20 фоиз миқдорда устама тўланади.

Президентнинг 2023 йил 24 майдаги [ПФ-76-сонли] фармони билан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги халқаро сертификатга эга давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш учун масъул ходимларига ўрнатилган устамаларга қўшимча равишда лавозим маошига нисбатан 20 фоиз миқдорда устама тўланади.

  • Бунда халқаро сертификат рўйхати Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан шакллантирилади ва унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
  • Рақамли технологиялар вазирлигининг ахборот технологиялари ҳамда рақамли хизматлар жорий этилиши ҳолатини баҳолаш рейтинги билан қамраб олинмаган давлат органлари раҳбарларининг рақамлаштириш бўйича ўринбосарларига ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 30 фоизи миқдорида устама ҳақ тўланади.

7. Давлат органлари раҳбарлари рақамли технологиялар бўйича қисқа муддатли курсларда ўқитилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 майдаги 208-сонли қарори билан давлат органларининг биринчи раҳбарлари рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва лойиҳаларни самарали амалга ошириш бўйича Давлат бошқаруви академиясида қисқа муддатли курсларда ўқитилади.


8. Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини модернизация қилиш ишлари бошланади.

Президентнинг 2023 йил 10 апрелдаги [ПҚ-118-сонли] қарори билан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва лойиҳа концепциялари тасдиқланган туман (шаҳар)лардаги ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида босқичма-босқич модернизация қилиш ишларини бошланади.

Ижтимоий соҳа объектларида Ўзбекистонда 1 йил синовдан муваффақиятли ўтган ва хизмат қилиш кафолати камида 15 йилни ташкил қиладиган қозонлар ўрнатилади.