Навоий вилояти Экология бошқармаси ҳамда «Амирликларнинг Йўрға тувалоқни асраш маркази» нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида марказда етиштирилган 600 та йўрға тувалоқ Учқудуқ ва Конимех туманларининг чўл ҳудудларига қўйиб юборилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар қилди.

Маълумот учун, йўрға тувалоқ Ўзбекистон қизил китоби ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро Уюшмаси қизил китобига киритилган бўлиб, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган қушлардан ҳисобланади.

Қайд этилишича, марказ ўз фаолиятини бошлагандан бери қарийб 19 минга яқин йўрға тувалоқ табиат бағрига учирилди.

йўрға тувалоқ, навоий

Ўзбекистонда бу қушларнинг кўпайишини асосан Бирлашган Араб Амирликлари молиялаштиради. Бухоро вилоятида қушларни муҳофаза қилиш ва кўпайтириш Амирликлар маркази («Emirates Bird Breeding Center for Conservation») шунингдек, 2008 йилдан буён Навоий вилоятида йўрға тувалоқ қушларини сақлаш бўйича «Амирликларнинг Йўрға тувалоқни асраш маркази» («Emirates Center for Conservation of Houbara») фаолият олиб боради.

Давлат экология қўмитаси хабарига кўра, улар йўрға тувалоқ қушларини табиатдаги сонини қайта тиклаш билан шуғулланади. Қорақалпоғистонда 2017−2021-йиллар оралиғида жами 9491 бош йўрға тувалоқ табиатга қўйиб юборилган. Арабларнинг бу қушни кўпайтиришга қизиқиши бежизга эмас.

йўрға тувалоқ, навоий

«Подшохлар ови»

Қорақалпоғистон ахборот агентлигида берилган маълумотга кўра, ҳар йили Дубай шайхлари Қорақалпоғистонга ов мавсумини ўтказиш учун келишади ва ушбу Қизил китобга киритилган қушларни рухсатнома асосида овлашади. Араблар асосан овчи қуш — лочин билан йўрға тувалоқ қушини овлашни ота дастурига айлантирган.

Арабларнинг бу қушни овлашини «подшохлар ови», авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадимий анъана ҳам дейишади.

Араблар ов қилишда қатьий тартибларга бўйсинишади. Яъни, браконьерлер ва бошқа овчилар сингари кўз тўймаслик қилмасдан, фақатгина маълум миқдорда овлашади. 2015 йилда Қорақалпоғистоннинг Устюрт текислигига тувалоқ қўшини овлаш учун Дубайнинг меросхўр шахзодаси шайх Ҳамдан бин Муҳаммад ал-Мақтум ташриф буюрган.