31 июль куни Ўзбекистонда магистратурага ҳужжатлар қабули якунига етди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабарига кўра, magistr.edu.uz электрон тизими орқали 2023/2024-ўқув йилида магистратура мутахассисликларига 20 054 нафар абитуриент ариза юборган.

Абитуриентлар Ўзбекистондаги жами 105 та олий таълим муассасининг магистратура босқичида ўқишга ариза топширди. Улар умумий 17 128 та квота учун баҳс олиб боради. Бунда давлат гранти — 8938 та. Тўлов шартнома асосида ўқиш учун эса 8190 киши қабул қилинади.

Абитуриентларнинг 13,2 минг нафари хотин-қизлардир. Ўзбекистонда магистратурада тўлов-шартнома асосида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт суммасини давлат қоплаб беради. Бунинг учун талабгорлар 15 сентябрга қадар ўзлари таълим оладиган муассаса ректори номига ариза бериши керак.

Магистратурада ўқиш истагини билдирган эркаклар сони аёллардан камроқ — 6,8 минг нафар.

Ҳужжат топширганларнинг 4 фоизида давлат мукофоти бор ёки номдор стипендия соҳиби. 3 фоизи эса ногиронлик имтиёзига эга.

магистратура, отм, ўзбекистон

Аризаларнинг ҳудудлар тақсимоти бўйича рейтингида энг кўп ариза Тошкентда олинган — 9253 та. Ундан сўнг Самарқанд, Фарғона ва Бухоро вилоятларида кўп сонли аризалар рўйхатга олинган.

Ҳозирда келиб тушган ҳужжатлар тузилган ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқиш жараёнида. Бунда абитуриентларнинг бакалавриат дипломи иловасидаги балларнинг ўртача кўрсаткичи ҳисобланиб, юкланган тил сертификатларининг ҳақиқийлиги текширилмоқда.

Талабгорлар magistr.edu.uz платформасидаги шахсий кабинетлари орқали ўз аризаларининг босқичма-босқич кўриб чиқиш ҳолатини кузатиб боришлари мумкин. Ҳужжатлар ишчи гуруҳи томонидан тўлиқ кўриб чиқилганидан сўнг якуний натижа юзасидан қўшимча ахборот берилади.