БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили сифатидаги миссиям ниҳоясига етар экан, Ўзбекистондаги фаолиятимизнинг 30 йиллигини нишонлаётган санада ўтган йиллар давомида бошдан кечирган ажойиб таасуротларим ҳақида «Газета.uz»даги сўнгги рукнимда қисқача тўхталиб ўтаман.

Ўзбекистон эришаётган улкан ютуқларга гувоҳ бўлиш ва мамлакат тараққиёти кун тартибига ҳисса қўшиш мен учун шарафдир. Биргаликда эришган баъзи муҳим ютуқларимиз билан ўртоқлашишга рухсат бергайсиз.

Инсон тараққиёти соҳасидаги ўсиш

Ўзбекистонда Инсон тараққиёти индексининг доимий ўсиши кузатилмоқда. Йигирма йил давомида мамлакатда инсон тараққиёти кўрсаткичлари 20 фоизга кўтарилгани таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий интеграцияга йўналтирилган жамоавий саъй-ҳаракатлардан далолатдир.

Глобал миқёсда дунё мавҳумлик инқирозига дуч келмоқда. Бу кўпчилик учун қийин давр; улар бизнинг, ҳатто ўзимиз тасаввур ҳам қила олмайдиган тарзда ўзгариб кетишимизга олиб келиши мумкин. Шунга қарамай, умид учун жой бор, чунки ижобий мисоллар кўп ва Ўзбекистон бу умиднинг муҳим қисмидир.

Ўзгаришлар ва муваффақиятлар йўли

Ўзгаришлар жараёнини босиб ўтаётган Ўзбекистон барқарор ривожланиш соҳасида салмоқли ютуқларга эришди. Ўтган йиллар давомида биз мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган кун тартиби ва Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) содиқлигини, шунингдек, тараққиётни мониторинг қилишнинг мустаҳкам тизимларини кўрдик.

бмттд, инсон тараққиёти, матильда димовска

Фото: БМТТД

Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашга содиқлиги унинг миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссалари, барқарор энергетикага ўтиш борасидаги интилишлари ва Орол денгизи минтақасида ҳамда ундан ташқарида ўрмонсизланиш муаммосини ҳал қилишга қаратилган ташаббусларида намоён бўлди. Ўзбекистон Орол денгизи минтақасини технологик инновациялар зонасига айлантириш каби минтақавий ҳамкорлик ва муҳим глобал ташаббусларни фаол равишда илгари сурмоқда.

Бизнинг биргаликда олиб борган тарғиботимиз ва амалга оширган ишларимиз Ўзбекистонда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларининг атиги олти йил ичида 4,6 фоиздан 14,8 фоизгача ўсишига олиб келди. Иқлим ўзгариши шароитида бу ютуқ катта аҳамиятга эга.

Яқинда янги Конституцияга атроф- муҳитга оид ҳуқуқ киритилиши ва янги вазирликнинг ташкил этилиши, шубҳасиз, Ўзбекистонда ва Марказий Осиё минтақасида атроф-муҳит ҳамда иқлим ўзгаришининг олдини олиш соҳаларида тезкор чоралар кўриш учун туртки бўлиш баробарида, янги умидларни пайдо қилди. «Яшил макон», «Оролбўйи бўйича комплекс йўл харитаси» каби ташаббусларни ҳаётга тизимли татбиқ этиш ечимларнинг муҳим қисмига айланади.

бмттд, инсон тараққиёти, матильда димовска

Фото: БМТТД

Гендер тенглигига содиқлик аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда барқарор ва адолатли ўсишга кўмаклашишда муҳим рол ўйнади. Йиллар давомида биз гендер тенглигини тарғиб қилиш учун қабул қилинган ва жорий этилган кўплаб қонунлар, давлат аралашуви ва институтларини кўрдик.

Эндиги вазифа уларни биргаликда ишлашга мажбур қилишдир, бу эса Ўзбекистонда аёлларнинг фаолият юритиши, ўсиши ва гуллаб-яшнашига имкон берувчи кучли ҳамда самарали сиёсат, қонунлар ва институтларга эга бўлишини таъминлаш учун кўпроқ ишлаш кераклигини англатади.

Масалан, сўнгги пайтларда болалар ва аёлларга нисбатан зўравонликни жиноийлаштириш бўйича ютуқларга эришилган бўлса-да, бу мавзуга кўпроқ эътибор қаратиш лозим, чунки муаммони тўлиқ ҳал этиш вазифалари ҳали бажарилмаган. Гендер тенгсизлиги ва аёлларга нисбатан зўравонликнинг давом этишига асос берувчи муносабат ҳамда маданий меъёрларга доимо қарши туриш керак. Гендер асосидаги зўравонлигини бошдан кечирганлар учун одил судлов, тегишли кўмак хизматлари ва ресурслардан фойдаланиш жавоб чораларининг бир қисми бўлиши керак.

Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон улкан ўзгаришлар дастурини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзининг давлат ва хусусий молиясини ривожланиш мақсадларига йўналтирди. Масалан, Ўзбекистон БРМ суверен облигацияларини чиқариш бўйича дунёда иккинчи, минтақада биринчи давлат бўлди, бу эса БРМга эришиш йўлидаги илғор қадамдир.

Ўзбекистонда ҳамжиҳатлик асосида бюджетлаштиришнинг жорий этилиши ва бутун мамлакат бўйлаб тарқалиши фуқароларга қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш, шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойилларини мустаҳкамлаш имконини берди. Бироқ давлат ва хусусий молияни ривожланиш мақсадларига мослаштириш учун кўп иш қилиш мумкин.

Мисол учун, аралаш молия механизмлари орқали бир вақтнинг ўзида гендер ва яшил инвестицияларни рағбатлантирадиган ечимлар жуда фойдали бўлади ва бундай ечимлар ишлаб чиқилмоқда.

бмттд, инсон тараққиёти, матильда димовска

Фото: БМТТД

Ижобий ютуқлар ҳақида гапирар эканмиз, агар ижтимоий давлат ва табиат билан мувозанатли иқтисодий ўсиш тушунчасига эришиш керак бўлса, кўп жиҳатларни кўриб чиқиш мумкин ва керак. Содиқ етакчилик, халқаро стандартларга интилиш, қобилиятли инсон капитали, бой табиат ресурслари ва таъсирчан тарихий мероснинг асосий таркибий қисмлари Ўзбекистоннинг келажакда гуллаб-яшнаши учун заминдир. Мамлакат унинг халқи гуллаб-яшнаган тақдирдагина гуллаб-яшнаши мумкин ва пировардида ҳамма нарса халққа берилган барча кўринишларидаги имкониятларга боғлиқдир.

Янги ишларга киришар эканман, ўзим билан ҳамкорликда эришган ютуқларимизга оид хотираларни ва биргаликда яратадиган янада тараққий этган дунёга бўлган сўнмас умидни олиб кетаман. Бу мамлакатда тўрт ярим йилдан кўпроқ вақт ўтказдим, мен Ўзбекистон билан чуқур боғлиқликни ҳис қиляпман; у абадий менинг қалбимда қолади.

Катта раҳмат, Ўзбекистоним.

Муаллиф ҳақида: Матильда Димовска БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили сифатида 2019 йилнинг март ойида иш бошлаган. Унгача эса БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича Истанбул минтақавий марказининг мамлакатдаги ваколатхонасини қўллаб-қувватлаш гуруҳини бошқарган. У иқтисодий сиёсат ва ривожланиш бўйича магистр даражасига эга. Матильда Димовсканинг бошқа мақолалари ҳақида қуйида ҳаволалар мавжуд.