2023 йилнинг 6 ойи мобайнида Тошкент вилояти ИИББ Тезкор қидирув хизмати ва унинг қуйи тизими жиноят содир этгани учун қидирувда бўлган 344 кишини ушлади, дея хабар бермоқда бошқарма матбуот хизмати.

Хусусан, 2002 йилдан буён қидирувда бўлган 48 ёшли Х.Ш. (Ангрен шаҳрида яшаган) Қозоғистон ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари билан ҳамкорликда ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. У Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланган.

Худди шу ва 164-модда (Босқинчилик) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этиб, 2015 йилдан буён Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ томонидан қидирувда бўлган 40 ёшли Р. П. эса Россия ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари билан ҳамкорлигида ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

иибб, тошкент вилояти, экстрадиция

Фото: Тошкент вилояти ИИББ

Шунингдек, Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этиб, 2021 йилдан буён қидирувда бўлган 29 ёшли С.Н. (Оққўрғон туманида яшаган) Россия федерацияси ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари билан ҳамкорлигида ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Бошқарма таҳлилларига кўра, қидирувдаги шахсларнинг асосий қисми фирибгарлик жиноятини содир этган шахслар ҳисобланади. Бундан ташқари, ўтган 6 ойда турли сабабларга кўра бедарак йўқолган 23 нафар шахс вилоят ИИО ходимлари томонидан аниқланиб, яшаш манзилларига қайтарилган.