28 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан «Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Унда, уй ҳайвонлари билан боғлиқ статистик маълумотлар очиқланди.

Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатда 2,3 миллиондан зиёд ит ва 46 мингдан зиёд мушук мавжуд. Жойларда уй ҳайвонлари эгалари томонидан рад этилиши, мушук ва итларнинг назоратсиз кўпайиши натижасида қаровсиз ҳайвонлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, аҳоли пунктларида ит ва мушук боқишнинг қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузурликлар сони 2021 йилда 10,5 мингтани ташкил этган бўлса, 2022 йилда бў кўрсаткич кескин ошиб 142,6 мингтага етган.

Шунингдек, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузурликлар сони 2020 йилда 105 та, 2021 йилда 190 та, 2022 йилда 325 дан зиёдни ташкил этган. Ҳайвонлар томонидан инсонларга зарар етказиш, уларни тишлаш ҳолатлари ҳам ошиб бориб, 2021 йилда 44 минг, 2022 йилда еса 50 мингга яқин ҳолат қайд этилган.

Муҳокама қилинган қонун лойиҳасида уй ҳайвонларини рўйхатга олиш, ҳисобини юритиш, чиплаш, қаровсиз ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш ва сақлашга доир нормалар киритилган.