Самарқанд вилоятида фуқароларни АҚШ ва Исроилга ноқонуний ишга жўнатмоқчи бўлганлар ушланди, дея хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Хусусан, Пахтачи туманида С.Р. фуқаро З.А.ни 18 500 доллар эвазига Исроил давлатига ишга юборишини айтган. Олдиндан 12 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Пайариқ туманида Ф.Н. фуқаро М.А.нинг ишончига кириб, уни 16 минг доллар эвазига АҚШга ишга юборишини айтган ва олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.