17 июль, душанба куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлган отишмада оғир яраланган 15 ёшли ўзбекистонлик бола сешанба тонгида вафот этди, дея хабар бермоқда New York Post.

Марҳум Фаридун Мавлонов 17 июль куни соат 13:00 атрофида 20-авеню яқинида юз берган тўқнашув чоғида бел соҳасига ўқ тегиб, жароҳатланган. У профессионал UFC жангчиси бўлишни орзу қилган ва Жеймс Медисон ўрта мактаби ўқувчиси бўлган.

«Бугун ўғлим вафот этди. Балки яна бир кун бошқа одамларнинг ўғли вафот этади. Ҳар вақт, ҳар куни хавфли бўлиб қолди», — деган боланинг отаси Фирдавс Мавлонов журналистларга.

Нью-Йорк полицияси департаменти бошлиғи Жеймс Эссигнинг сўзларига кўра, марҳум шунчаки нотўғри вақтда нотўғри жойда бўлган. Отишмада гумонланган 17 ёшли ўсмир ҳозир қидирувда, ҳали ҳам қўлга олинмаган. У Франклин Делано Рузвельт юқори мактабида бошқа бир бола билан жанжаллашган ва иккаласи орани очиқ қилишга келишиб олган.

Бироқ ўқ кўзланган одамга эмас, Мавлоновга теккан.

15 ёшли марҳум Ўзбекистонда туғилган ва АҚШга 10 йил аввал борган. «Жиноятчи жазоланиши керак. Оиладаги йўқотилган боланинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди ва айбдор жазоланиши керак», — деди марҳумнинг 39 ёшли амакиси Озод Жўраев.