Давлат хавфсизлик хизмати ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланаётган бир қанча шахслар қўлга олинди, дея хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

Тошкент вилоятидаги «Чинор» ЙПХ масканида ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона вилояти томон ҳаракатланаётган Gentra автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Унда йўловчи сифатида кетаётган Фарғона туманида яшовчи, муқаддам судланган фуқаронинг қўл сумкасида 981 грамм «гашиш» моддаси борлиги аниқланган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Бошқа ҳолатда эса Қўқон шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган фуқаро Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида ушланиб, ундан 1 кг. 76 гр. «гашиш» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Мазкур шахс тожикистонлик наркокуръерлар томонидан контрабанда йўли билан Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиб, яшириб кетилган моддани Тошкент шаҳрига олиб кетаётган бўлган.

Фарғона туманида яшовчи фуқаро 495 грамм «гашиш» моддасини 5 минг долларга сотаётган вақтида ушланган. Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида Қирғизистондан контрабанда йўли билан келтирилган мазкур наркотикнинг ҳақиқий эгаси бошқа шахс экани аниқланиб, у ҳам қўлга олинган.

Наманган вилояти Чуст туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги «Жигули» автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Автомашина салонида бўлган Риштон туманида яшовчи, муқаддам судланган аёлнинг қўл сумкасида 305 грамм «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, автомашинада Наманган шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган фуқаро ҳам борлиги маълум бўлган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу 3 нафар фуқаро Тожикистондан келтирилган наркотик моддани Қўқон шаҳридан Наманган шаҳрига олиб кетаётгани аниқланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жинояти ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.