16 июль куни соат 06:00 да Қорақалпоғистоннинг Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг Беруний давлат ўрмон хўжалиги участкасида 2 та Бухоро буғусининг жасади топилди, дея хабар бермоқда Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Жониворлар браконьерлар томонидан қўйилган тузоққа тушган. Ҳайвонларнинг нобуд бўлишига алоқадор шахсларни аниқлаш мақсадида Қуйи Амударё давлат биосфера резервати бошқармаси инспекторлари воқеа жойида пистирма ташкил қилган. Бир неча соат ўтгач, ниқобли икки номаълум шахс пистирмага яқинлашган, аммо инспекторларни пайқаб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Қуйи Амударё қўриқхонаси инспекторларининг ўтказган тезкор ҳаракатлари натижасида Беруний тумани ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда воқеага алоқадор браконерлар — Беруний тумани Бийбозор қишлоғида яшовчи 30 ёшли Ш. А., 33 ёшли Р. Б. ва 38 ёшли И.Д.лар қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Беруний тумани ИИБ томонидан ҳайвонларнинг нобуд бўлганлиги факти юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.