Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — «Озодлик»нинг Ўзбек хизмати журналисти Сарвар Усмон.

Тавсиялар

Шу кунда ўқимаяпман. Китоб ўқимаяпман. Ўқиганим — тармоқ. Замоннинг зўраки боласиман — ўқигим келмасаям ўқийман — ишим тақозоси.

Ўтган ойда Михаил Полтораниннинг «Тротил кучли ҳокимият. Шоҳ Бориснинг мероси»ни ўқиб ташладим. Мутлақ утилитар танлов: Ельцин Россиясининг илк матбуот вазири битиклари бугунги Россияни яхшироқ тушунишимга ёрдам берармикан, деб ўқидим.

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, сарвар усмон, тавсия

Агар китобхонлик учун орден-пўрден жорий қилишса, у менга тегмаслиги аниқ: дангасаман. Лекин бошласаму автор ёқиб қолса, (деярли) ҳамма нарсасини ўқиб чиқмагунимча қўймайман.

Натижада китобхонлик тажрибамни «Достоевский даври», «Чехов даври», «Қодирий даври», «Шукшин даври», «Чўлпон даври», «Шукур Холмирзаев даври», «Ярослав Гашек даври»… кабиларга бўлиш мумкин.

Болалигимда таниганим шоввоз солдат Швейкнинг «отаси» Гашекнинг беш жилдлиги иш столимда доим турган йиллари, қачонлардир унинг (Гашекнинг) ватанига келиб, ишлаб қоламан, деган гап тушимгаям кирган эмасди.

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, сарвар усмон, тавсия

Гашек билан 1980 йилларда бошланган «дўстлигимиз» 1990 йилларда янада мустаҳкамланди. Ҳар гал беш жилдликнинг дуч келган жилдини дуч келган жойидан очиб ўқирканман, бу йигит Қирғизистон (туғилиб-ўсган юртим)нинг бугунги ҳаётини ёзиб қўйибдию, деб ажабланаверардим. Сайловлар тўғрисидаги бир-икки нарсасини таржима ҳам қипташлаганман.

У ёки бу авторни изчиллик билан ўқиш унинг «дунё»сини тўлиқ(роқ) тушунишга ёрдам беради. Бу кўпинча фойдага, баъзида хафсалангиз пир бўлиши ҳам мумкин.

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, сарвар усмон, тавсия

Шукур Холмирзаев битта (пахтага сепиладиган дори бангиси ҳақидаги) ҳикояси биланоқ мени «жинни» қилган-қўйган, кейин ҳикояларининг уч жилдлиги чиққанда атайлаб Тошкентдан опкелтиргандим.

Ёзилган вақтидан келиб чиқиб хронологик тартиб берилган ҳикояларни бир четдан ўқидим ва… бу ҳикоялар советча-коммунистча сиёсатнинг бадиий талқини эканини кўрдим: ҳар бир ҳикоядан сизиб чиқадиган мессеж у ёзилган давр сиёсатига мослиги ҳайрон қолдираверди. Хуллас, Холмирзаевни мен ўқигандай ўқиманг.

Аудиокитоб… Бир-икки марта эшитдим. Варлам Шаламовнинг «Колима ҳикоялари»ни. Билмадим, ошни қошиқда егандай бўлдим — ўқиган бошқа — мендай чиройли фикр, ўйноқи жумла гадосига китоб дурустроқ экан, ўша ўйноқи жумлани қайта-қайта ўқиш, таъмини танглайда туюш мумкин…

«Ширин» китоблар жавонимда «Ўн икки стул» билан «Олтин бузоқ» ҳам бор (Илья Ильф ва Евгений Петров). Оригинали ҳам, таржимаси ҳам. Авторлар катта олмосни синдириб, айнан шу икки китобга сочиб юборгандай туюлаверади. Ҳар жумла кулади, ҳар жумладан ўт чақнайди.

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, сарвар усмон, тавсия

Болалигимда «Сариқ девни миниб» (Худойберди Тўхтабоев) бошланган китобхонлигим ҳануз давом этяпти. (Ё биринчи китобим Рабленинг «Гаргантюа ва Пантагрюэл»имидийкин?). Яхшиям Худо менга заиф хотира берган: яхши кўрган китобларимни қайта-қайта ўқийвераман, баъзида ҳайрон ҳам бўлиб қўяман: китобда бундай гап йўқ эдию?!

Кафкани (Франц) ўқинг, Маркесни (Габриэль Гарсиа) ўқинг, Памуқни (Ўрхон) ўқинг деган маслаҳат бермоқчи эмасман.

Ҳар ким қачондир ўз Кафкасию, Маркесию Памуғига ўзи етиб борсин. Етолмайдиганларга бундай бепул маслаҳатлар фойдасиз.

Лекин ҳар бир ўзбек Тоғай Мурод ва Шавкат Раҳмонни ўқиши шарт. Бу иккисидаги тоза ҳаводан нафас олиши, бу иккисидаги шиддатни туюши керак, ўша шиддатни «томирларига қуйишга» уриниб кўриши лозим.