Вазирлар Маҳкамаси «Иш ҳақини натура шаклида тўлашни тартибга солиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали.

Қарорга кўра, меҳнатга натура шаклида ҳақ тўланиши ходимнинг ёзма розилигига асосан қуйидаги ҳолларда мумкин бўлади:

  • ходим ёки унинг оиласи истеъмоли учун иш берувчи томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштирилган озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳисоб-китоб қилиш;
  • уй хизматчиларини ёллаган иш берувчилар томонидан уларга озиқ-овқат ва вақтинча яшаш учун уй-жой билан таъминлаш шаклида ҳисоб-китоб қилиш.

Иш ҳақини натура шаклида тўлаш шарти ходимнинг розилиги асосида у билан тузиладиган меҳнат шартномасида кўрсатилиши керак бўлади. Бунда иш ҳақининг натура шаклидаги умумий суммаси 30 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, ходимнинг ёзма розилигидан қатъи назар унинг иш ҳақидан:

  • 50 фоизгача миқдорда ушлаб қолинса — ходимга натура шаклида тўланадиган иш ҳақининг умумий суммаси 10 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас;
  • 50 фоиздан ортиқ миқдорда ушлаб қолинса — ходимга иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади.

Иш ҳақини натура шаклида тўлашда қуйидагилар тақиқланади:

  • ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонунчиликда Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлганда, иш ҳақини натура шаклида тўлаш;
  • қишлоқ хўжалиги товар ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилаётган маҳсулотларнинг нархини уларнинг таннархидан юқори белгилаш;
  • алкоголь, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, каннабис ўсимлиги ҳамда қонунчиликда реализация қилиш (бериш) тақиқланган ўсимлик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳисоб-китоб қилиш;
  • уй хизматчиларини ёллаган иш берувчилар томонидан тақдим этилаётган озиқ-овқатлар нархини ва уй-жойдан вақтинча фойдаланганлик учун тўловлар миқдорини ҳақиқий бозор нархидан юқори нархда белгилаш.

Маълумот ўрнида, натура шаклидаги тўлов бу ходимнинг бажарган иши учун пул кўринишида бўлмаган иш ҳақи ҳисобланади.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнатга ҳақ, қоида тариқасида, пул шаклида тўланади. Меҳнат ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади. Ҳукумат томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно ҳисобланади.