Тошкент шаҳридаги Бўзсув каналига корхоналар томонидан ифлосланган сув оқизилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.

Бош прокуратура ўрганиши давомида тозалаш иншоотига Тошкент шаҳрида жойлашган 18 та (15 та текстиль ва 3 та қушхона) тадбиркорлик субъектлари томонидан оқова сув тармоғига юқори концентрацияда ифлосланган, кимёвий моддалари мавжуд бўлган оқова сувлар оқизиб келинаётгани аниқланди.

Қайд этилишича, «Бўзсув оқова сув тозалаш» иншооти келиб тушган оқова сувларни биологик тозалашга мўлжалланган бўлиб, унда оқова сувларни кимёвий ва физикавий тозалаш имкониятлари мавжуд эмас.

Таъкидланишича, оқизилаётган оқоваларда меъёрга нисбатан азот аммоний концентрацияси, азот нитрит, кислороднинг биологик истеъмоли, кислороднинг кимёвий истеъмоли, нефт маҳсулотлари, фосфор, темир ва хром ортиқча эканлиги оқибатида, иншоот атрофидаги ҳавода водород сульфиди миқдори меъёрдан ошиб кетиб, ифлосланган сувдан бадбўй ҳид тарқалаётганлиги ҳудудда яшовчи аҳолининг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Бош прокуратура қонунбузилишларга йўл қўйган хўжалик юритувчи субъектларни «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ томонидан муқаддам берилган огоҳлантириш ва лаборатория таҳлил натижалари бўйича камчиликларни бартараф этмаганларга нисбатан ичимлик ва оқова суви хизматларини кўрсатиш бўйича тузилган шартномаларни бекор қилиш тўғрисида огоҳлантирди.