Канокпан Лао-Арая Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистондаги ваколатхонасининг янги директори этиб тайинланди, деб хабар қилди банк матбуот хизмати.

Канокпан Лао-Арая ОТБнинг Ўзбекистондаги фаолиятига раҳбарлик қилади ва банкнинг 2023−2028 йилларга мўлжалланган янги мамлакат билан ҳамкорлик стратегиясини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнини назорат қилади.

Ушбу стратегия доирасида ОТБ мамлакатнинг инклюзив ва бозор иқтисодиётига ўтиши, хусусий секторни ривожлантириш, «яшил» трансформация, иқтисодий ва ижтимоий тенгсизликларни қисқартириш, минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни кенгайтириш учун кўмакни кучайтиради, дейилади ҳисоботда.

Канокпан Лао-Арая Осиё-Тинч океани минтақасида, жумладан, Марказий Осиёда 25 йилдан ортиқ ривожланиш ва иқтисодиёт соҳасида тажрибага эга. У ОТБга 2001 йилда Таиланд Молия вазирлигидан келган ва шундан бери банкда бир қатор юқори лавозимларда ишлаган.

Тайинланишидан олдин у Қирғизистонда ваколатхона директори бўлиб ишлаган ва у ерда банк фаолиятини, жумладан, Қирғизистон иқтисодиёти ва аҳолиси саломатлигига ҳалокатли таъсир кўрсатган COVID-19 пандемияси билан боғлиқ кўмакнинг кўрсатилишини бошқарган.

Лао-Арая хоним Таиланд фуқароси бўлиб, АҚШнинг Индиана университетининг (Блумингтон) иқтисод фанлари номзоди ва магистр даражасига ва Таиланднинг Чулалонгкорн университетининг иқтисод бўйича бакалавр даражасига эга.

Ўзининг янги лавозимида у ОТБнинг Жанубий Осиё департаменти бош директори ўринбосари этиб тайинланган Синди Малвичини ўрнини эгаллайди.

ОТБнинг 2022 йилдаги Ўзбекистонга кўмаги мамлакатнинг инклюзив ва бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича ислоҳотларига қаратилди, бу эса Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш стратегияси билан чамбарчас боғлиқ. 2022 йилда ОТБ Ўзбекистонга давлат секторида бешта лойиҳа ва дастурни амалга ошириш учун 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди. Бунга озиқ-овқат хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган гуруҳларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва COVID-19 пандемияси ва Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин иш ўринлари яратиш киради.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунга қадар ОТБ Ўзбекистонга умумий қиймати 11,5 миллиард АҚШ долларлик 240 та қарз, грант ва давлат секторига техник кўмак ажратди. Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (CАРЕC) дастури доирасидаги минтақавий ҳамкорлик ва интеграция ташаббуслари ОТБнинг Ўзбекистондаги фаолиятининг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда.

ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришишга интилади. ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 68 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 49 таси минтақада жойлашган.