Шаҳарлар яшаш, ишлаш ва янги тажриба ва кечинмаларни кашф қилиш учун жўшқин ва жозибадор макон бўлиши мумкин. Аммо, шаҳарлар осонлик билан аёллар таъқиб, ҳақорат ва хавфсизлик билан боғлиқ бошқа таҳдидларга дуч келадиган хавф-хатарли жойга айланиши ҳам ҳеч гап эмас. 2023 йил 12 апрелда Ўзбекистонда жинсий таъқибни тақиқловчи янги қонун кучга кириб, гендер тенглигини таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска «Газета.uz» учун тайёрлаган мақоласида Ўзбекистонда ва ундан ташқарида шаҳар маъмуриятлари ҳамда маҳаллий гуруҳлар ўз шаҳарларини аёллар учун, жумладан, инновацион технологиялар, жамоатчилик ташаббуслари ва сиёсат даражасидаги ўзгаришлар орқали хавфсизроқ қилаётгани тўғрисида сўзлайди.

Биз кўзларини юмган одамлар билан тўлган хонада таранг бир сукунатда ўтирардик. Шу пайт қизлардан бири кўчада унга нисбатан қилинган таъқиблар тўғрисида ҳикоя қила бошлади. У бундай муносабатга дучор бўлган дунёдаги ягона қиз эмас- бизнинг сонимиз миллионларни ташкил этади. Улар қачонлардир кўчадаги таъқибчининг ҳуштак чалиши, беҳаёларча уриб кетиши, ҳирсга тўла сўзлари, жирканч тегинишларидан қўрқиб қалтираб қочганлар. Тингловчиларнинг муносабати ўхшаш эди — кимдир ғазабланган, кимдирнинг юзида норозилик пайдо бўлган, умуман олганда эса, улар шаҳримиз кўчалари аёл ва эркаклар, қиз ва ўғил болалар учун хавфсизроқ бўлиши керак деган ишонч атрофида бирлашган эди. Шу тариқа биз Ўзбекистонда кўчадаги таъқибларга қарши қаратилган бўлиб, «Call Umida («Умидани чақиринг») деб номланган экспериментал ташаббусимизни йўлга қўйдик.

Кўчадаги таъқиб — ҳар қандай нохуш кўринишда — гап отиш, ҳуштак чалиш, имо-ишоралар қилиш, тегиниш каби оғзаки ёки сўзсиз жисмоний ҳаракатлар билан ифодаланиши мумкин. Эркакларга ҳокимият ва ўз хатти-ҳаракатлари учун жазосизлик туйғуси сингдирилган патриархатли маданиятларда бундай муносабатлар, асосан, хотин-қизларга қаратилган бўлади. Зўравонликка дучор бўлишдан қўрқиш эса аёлларни сукут сақлашга мажбур қилиб, бунинг натижасида жамоат жойларидаги жинсий таъқиб одатий ҳолатга айлантиради.

Кўчадаги таъқиб аёллар ҳуқуқларини амалга ошириш йўлидаги жиддий тўсиқлардан бири. Бунинг оқибатида аёллар ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши ва тўлақонли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган таълим, меҳнат ва дам олиш ҳуқуқларининг асоси бўлган ҳаракатланиш эркинлиги хавф остида қолади.

Кўчалардаги шилқимлик ва таъқиб хотин-қизларга номутаносиб равишда таъсир қиладиган глобал муаммодир. Бу ҳодисалар билан боғлиқ тамғалаш даражаси шу қадар юқорики, бундай ҳолатлар ҳаттоки самарали ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига эга бўлган ривожланган мамлакатларда ҳам жазосиз қолмоқда. 2016 йилдаги «Хавфсиз шаҳарлар ва хавфсиз жамоат жойлари» ҳисоботида БМТ — Аёллар тузилмаси кўчада таъқибга учраган қизлар ва ёш аёлларнинг 90 фоиздан кўпроғи ҳодиса тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бермаганини айтиб ўтган.

Кўчадаги таъқиб, гендер асосидаги зўравонликнинг бошқа шакллари каби, ўзаро муносабатлар динамикаси, токсик эркаклик ёки маскулинлик тушунчасини тўлиқ тушуниб етмаслик ва жамиятда ҳукмрон бўлган гендер стереотипларида чуқур илдиз отиб, инсон ривожланиши йўлидаги жиддий тўсиқ ҳисобланади. Гарчи кўчалар аёллар учун хавфсиз бўлмаслиги оқибатидаги иқтисодий зарар миқдорини ҳали аниқлашимиз керак бўлсада, гендер тенгсизлик дунё мамлакатлари тараққиётига нақадар тўсқинлик қилаётганини кўрсатадиган ишончли далиллар мавжуд.

БМТТД томонидан тайёрланган 2023 йилги Ижтимоий гендер меъёрлари индексида сўнгги ўн йилда аёлларга нисбатан нохолис муносабатда умуман яхшиланиш кузатилмаётгани кўрсатилган. Бинобарин, «Гендер борасидаги хато тушунчаларга барҳам бериш» ҳисоботида сиёсий чора ва институционал ислоҳотлар, жумладан, инвестициялар, суғурта механизмлари ва инновацион ёндашувларга шошилинч эҳтиёж борлиги таъкидланган. Мазкур ташаббуслар эътироф этиш, вакиллик ва таълим билан тавсифланган янги ижтимоий шароитни яратишга қаратилган. Кўчаларни хавфсизроқ қилиш орқали аёлларга ҳаракатланиш ҳуқуқини тақдим этиш ушбу мақсадларга эришишда асосий омил бўлиб хизмат қилади.

«Умидани чақиринг»

call umida, матильда димовска, хавфсиз ва фаровон ҳамжамият

2021 йил ноябрь ойида БМТТДнинг Ўзбекистондаги Акселератор лабораторияси томонидан гендер билан боғлиқ муаммоларни ҳамкорликда ўрганиш учун жамоавий таҳлил сессияси ташкил этилди. Ушбу тадбирга энг машҳур ва нуфузли ижтимоий медиа платформаларидан бири бўлган Nemolchi.uz / SukutSaqlama.uz ҳам жалб қилинган бўлиб, у аёлларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ энг долзарб ва ҳаётий мавзуларни кўтаради ва, кўпинча, жамиятда диққатни тортадиган гендер асосидаги зўравонлик ҳолатларига катта урғу беради.

Манфаатдор томонлар орасида ўтказилган дастлабки сўровлар ва суҳбатлар натижаларига асосланган ҳолда, БМТТД 2022 йил март ойида «Умидани чақиринг» деб номланган синов ташаббусини бошлади. Умида қизлар орасида кенг тарқалган исм бўлиб, ўзаги «умид» сўзидан олинган ва бу ҳолатда кимдир кўчада таъқибга учраганида паноҳ топиши мумкин бўлган хавфсиз жой топиш умидини англатади.

Ташаббус болалар ва аёллар кўча таъқибига дуч келганда вақтинчалик бошпана топиши мумкин бўлган 300 дан зиёд хавфсиз жойдан иборат тармоқни яратишга ёрдам берди.

call umida, матильда димовска, хавфсиз ва фаровон ҳамжамият

Ташаббус йўлга қўйилганидан бир ой ўтиб, Ўзбекистонда илк бор кўчалардаги таъқиб ҳолатларига қарши курашиш ҳафталиги ўтказилди. Бир гуруҳ кўнгиллилар «Умидани чақиринг» ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида тарғибот-ташвиқот компаниясини уюштириб, унга нисбатан ижобий муносабат ҳамда кўча таъқибини муҳокама қилиш ва муаммонинг ҳам анъанавий, ҳам инновацион ечимларини излаш борасида очиқлик кузатилди.

Ташаббус хусусий секторга аёлларнинг кўчада таъқиб қилинишидек мураккаб ижтимоий муаммони ҳал қилишда иштирок этиш имкониятини берди. БМТнинг Бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича асосий принциплари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг аёллар ҳуқуқларини илгари суриш ва уларга риоя қилишдаги ўрни инобатга олиниб, ушбу ташаббус Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган кўплаб хусусий компанияларга таклиф этилди. Биз кўрсатилган ижобий муносабатдан жуда хурсанд бўлдик ва ҳатто ҳайратда қолдик. Ташаббусга қўшилган биринчи ҳамкорлар орасида йирик супермаркетлар тармоқлари, ресторанлар, компьютер ўйинлари клублари, дорихоналар тармоқлари, коворкинг марказлари ва илм-фан даргоҳлари вакиллари бор эди. Маҳаллий даражада обрў-эътиборга сазовор бўлган шахслар, яъни инфлюенсерлар мунозараларга қўшилиб, ўз тармоқлари орқали ташаббус тўғрисида маълумотлар улашди.

Кейинги қадамлар: хавфсиз нуқталардан хавфсиз кўчалар сари

Кўчалар хавфсизлиги — асосий эътибор қуйидаги учта муҳим жиҳатга қаратилган комплекс ёндашувни талаб қиладиган мураккаб масала: 1) жинсий таъқиб учун жиноий жавобгарликни таъминлаш; 2) бундай хатти-ҳаракатларга нисбатдан қабул қилмаслик маданиятини яратиш; ва 3) шаҳарларни гендер жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда режалаштириш орқали кўчаларда шилқимлик ва таъқиб ҳолатлари эҳтимолини минималлаштириш.

Жамоат жойларда жинсий таъқиб учун жиноий жавобгарлик киритилиши хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашда муҳим қадам бўлади. Бу Ўзбекистонда энг юқори даражада намоён бўлган гендер тенглигини таъминлаш йўлидаги содиқликнинг мантиқий давомидир. Яқинда қабул қилинган қонунга кўра, жамоат жойларида таъқиб қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик деб белгиланиб, 660 минг сўмдан 1,65 миллион сўмгача (60−150 доллар) жаримага тортилиши мумкин. Бу тўғри йўналишдаги муҳим қадам ва ҳозир уни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоизки, жинсий таъқиб учун жавобгарлик белгиланганига анча вақт бўлган кўплаб мамлакатларда ҳозирги кунда жамоат жойларида жинсий таъқибнинг оғзаки кўриниши бўлган гап отиш учун жиноий жавобгарлик белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Масалан, Францияда полиция ходимларига кўчада бундай ҳуқуқбузарликларга қарши туриш ва ҳуқуқбузарларга жарима солиш имкониятини тақдим этиш учун уларнинг ваколатлари кенгайтирилди.

Ўзбекистонда мазкур қонуннинг ҳамда бундай ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар бериш ва рўйхатга олишнинг соддалаштирилган тартиби татбиқ этилиши кўчаларни хотин-қизлар учун хавфсизроқ қилишдаги самарали омил бўлади.

Кўча таъқибига тоқатсизлик маданиятини юксалтириш учун мазкур муаммо тўғрисида хабардорликни ошириш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг ҳеч қандай кўриниши қабул қилинмаслигини кенг эътироф этиш учун давлат, хусусий сектор ва фуқаролик жамиятининг фаол иштироки талаб этилади. Жавобгарлик фақат таъқиб қилувчи, яъни ҳуқуқбузарларда бўлишини таъминлаш учун айбни жабрланувчиларнинг ўзига ўтказишга мойил бўлган оммавий янглиш тушунчаларга барҳам берилиши керак. Бу мақсадда ахборот кампанияларида таниқли шахслар, санъаткорлар, жамоат арбоблари, инфлуенсерлар, нуфузли шахслар ва давлат раҳбарият вакиллари иштирок этиши мумкин. Мавзу бўйича умуммиллий мунозаралар кенг миқёсдаги манфаатдор томонларнинг фаол иштирокида ўтиши керак. Зўравонликка тоқатсизлик маданиятини ўрнатиш, аслида, ёшликдан бошланади ва бунда таълим тизими муҳим роль ўйнайди.

Комплекс ёндашув ва шаҳарларни хавфсизроқ қилишга ёрдам берадиган янги технологиялар

call umida, матильда димовска, хавфсиз ва фаровон ҳамжамият

Ҳуқуқий ва ахборот-тарғибот тадбирлари шаҳар инфратузилмасини яхшилаш ва кўчаларда таъқиб қилиш ҳолатлари эҳтимолини минималлаштирадиган ва бундай ҳолат содир бўлганда тезкор ва қатъий жавоб чоралари қўллашга имкон берадиган янги технологияларни жорий этиш билан бирга олиб борилиши керак. Ушбу мулоҳазага ҳамда 2023 йилги Халқаро хотин-қизлар кунининг «DigitALL: гендер тенглигини таъминлашга қаратилган инновациялар ва технологиялар» мавзусига мувофиқ, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардаги кўплаб шаҳарлар аёллар хавфсизлигини оширишга қаратилган технологиялардан фойдаланиш йўлларини ўрганмоқда. Ушбу муаммоларнинг кўпчилиги учун технологик ечимлар талайгина бўлсада, шаҳарлар технологиянинг ўзи, масалан, шахсий ҳаёт дахлсизлиги билан боғлиқ ҳуқуқларни бузиш орқали муаммо келтириб чиқармаслигини таъминлашга қаратилган хавфсизлик чораларини жорий этиши керак.

Дунёда гендер жиҳатларини ҳисобга олинган шаҳарсозликнинг кўплаб яхши мисоллари борки, уларни қабул қилиб, Ўзбекистон маҳаллий шароитида қўллаш мумкин. Улар қаторига такомиллаштирилган кўча ёритгичлари, ақлли жамоат транспорти тизимлари, автобус бекатлари, кўча видеокузатувининг комплекс тизимлари ва шаҳар инфратузилмасининг бошқа элементлари киради.

Мисол учун, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (БМТ НЖҚКБ) томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқот шуни кўрсатдики — кўчалар, парклар ва шаҳар транспортида ёритгичларни самарали ўрнатиш жинсий таъқиб ва тажовуз хавфини сезиларли даражада камайтириши мумкин. Потенциал тажовузкорларни кўришни осонлаштириш орқали яхши ёритгичлар жиноятчиликнинг олдини олиш ва аёллар шаҳар бўйлаб ҳаракатланаётганда ўзини хавфсизроқ ва ишончлироқ ҳис қилишига ҳисса қўшиши мумкин.

Тадқиқотда шунингдек, ёритиш тизимлари самарали бўлиши ва аёлларнинг эҳтиёжларига мос келишини таъминлаш учун уларни лойиҳаласида аёллар иштирок этиши лозимлиги таъкидланган.

Бундан ташқари, агар аёл хавф остида бўлса ёки ўзини хавф остида деб ҳис қилса, дўстлари ёки расмий идораларни огоҳлантириш учун фойдаланиш мумкин бўлган кўплаб мобил иловалар мавжуд. Бундай иловалар, шунингдек, хавфсиз йўналишлар ва узоқроқ юриш керак бўлган жойлар тўғрисида маълумот бериши мумкин. Шунингдек, жамоат транспорти учун иловалар ҳам аёлларга ўз сафарини режалаштириш ва потенциал хавфли ҳудудларда кўп қолиб кетмаслик учун жамоат транспорти жадвали ва йўналишлари тўғрисида реал вақт режимида маълумот бериши мумкин.

Технологияларнинг имконият ва салоҳиятидан фойдаланиш баробарида, бундай тизимлар аёллар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган комплекс ёндашувнинг бир қисми бўлиши лозимлиги ва мазкур ёндашув учун самарали ва қулай сиёсий асослар мавжуд бўлиши, таъқиб учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қонуннинг самарали ижросини таъминлаш ҳамда аёлларга нисбатан зўравонликка туртки берадиган асосий ижтимоий ва маданий омилларни бартараф этиш учун жамиятдаги қарашлар ва хулқ-атворни ўзгартириш муҳим. Ўзбекистон ҳукумати бу йўналишда муҳим қадамлар қўймоқда ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ўз томонидан дастурларига гендер жиҳатлар ҳисобга олинган шаҳарсозликни киритиш, илғор халқаро тажрибалар билан ўртоқлашиш, инновацияларни синовдан ўтказиш ва кенг доирадаги манфаатдор томонларнинг мулоқотига кўмаклашиш орқали Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашга тайёр.

Ишончим комилки, мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари, ўз ишига садоқат раҳбарлик ва умумий қарашлар билан Ўзбекистонда ҳеч бир аёлни ва умуман ҳеч кимни ортда қолдирмаган ҳолда барча учун адолатли, инклюзив ва фаровон жамиятни барпо этамиз.