Бир неча ҳафта олдин Тошкент ҳайвонот боғида 3 та пушти фламинго жўжалари дунёга келди, дея хабар бермоқда боғ матбуот хизмати.

Шу пайтга қадар қушлар уларга жуда яқин бўлган ташриф буюрувчилар сабабли доимий стрессни бошдан кечирган, бу эса уларнинг муваффақиятли кўпайишларига имкон бермаган. Бунга улар жойлашган эски ҳудуд етарли даражада кенг бўлмагани ҳам сабаб бўлган.

Жўжалар соғлом ва ота-оналарига ҳозирча деярли ўхшамайди. Жўжаларнинг патлари ранги кулранг. Пушти пигмент эса бир неча ой ичида пайдо бўлади.

«Биринчи марта тухумдан чиққандан кейин жўжалар мувозанатни сақлаб, ўтиришни ўрганишди ва ҳозир эса улар анча тетиклашиб, бемалол туришади ва ҳатто узун оёқчаларида ҳаракатланишади. Энг қизиқ жиҳати эса: фламинго жўжалари жуда тез ривожланади. Бу ўзгаришлар биринчи 9 кун ичида айниқса сезилади», — дейилади хабарда.

Фламинголар боғга 2019 йилда келтирилган. 2022 йилда қушлар уя қуришга уринишган, 2023 йилда эса жуфтликлар тухум қўйиб, жўжаларни ўзлари боқадиган ғамхўр ота-оналарга айланишган.

Wildlife care бошқарув компанияси кўмагида ҳайвонот боғининг иссиқ полли (қиш учун), кенг хонаси ва кўзгулари бўлган кенг ва қулай қушхонаси яратилган. Бу қушлар сонини янада кўпайтириш учун керак, шу тариқа, фламинголар ўзларини янада қулай ва хавфсизроқ ҳис қилишади, чунки табиатда улар энг катта колонияларни яратадилар, дея қўшимча қилди боғ матбуот хизмати.