8 июль куни «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «Электр энергиясини сотишни автоматлаштириш маркази» филиалида «Электр тармоқларидан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотлар» мавзуида халқаро энергетика форуми ўтказилди.

Тадбирда Жанубий Корея, Хитой каби қатор хорижий давлатларнинг йирик компаниялари вакиллари, тизим ташкилотлари мутасаддилари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

реклама

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Алвар Гайбуллаев форумни кириш сўзи билан очар экан, давлат раҳбари томонидан бугунги кунда мамлакат энергетика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, мазкур йўналишга илғор технологияларни кенг жорий этиш, «рақамли трансформация» жараёнларини изчил амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганига йиғилганлар эътиборини қаратди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда айни соҳада олиб борилаётган ишларнинг кўлами ва натижадорлиги бугун хонадонлар, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўз аксини топмоқда. Айниқса, электр энергия етказиб бериш тизимини янада ривожлантириш мақсадида ҳукумат томонидан соҳага оид қабул қилинган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳага истиқболли лойиҳаларни татбиқ этиш, самарали ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имконини бермоқда.

Хусусан, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, Жанубий Кореянинг KT Corporation компанияси ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамкорлигида ишга туширилган «Электр энергиясини сотишни автоматлаштириш маркази» мамлакатда энергетика соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш, хусусан, электр энергия таъминотида инновацион технология ва ечимлардан фойдаланиш имконини кенгайтиргани билан аҳамиятлидир.

реклама

Бугунги кунда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти истеъмолчиларга барқарор ва сифатли электр энергия етказиб беришда халқаро тажрибани ўрганган ҳолда рақобатдош, илмий жиҳатдан асосланган инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш орқали мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Хусусан, жамият томонидан электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) жорий этилгани, ушбу дастурий таъминот орқали бугунги кунда электр энергияси истеъмолининг ишончли ҳисоб-китоб механизми шаклллантирилиб, энергоресурслардан оқилона ва мақсадли фойдаланиш имкони кенгайиб бораётганини қайд этиш жоиз.

реклама

Шу билан бирга, мазкур тизим ишга туширилиши орқали истеъмолчилар ўртасида тўлов интизоми мустаҳкамланиб, фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни исталган жойдан туриб банк мобил иловалари ёхуд мамлакатда мавжуд тўлов тизимлари (Click, Payme, Paynet) орқали ўз вақтида амалга ошириш имкони яратилди.

реклама

Тадбир иштиркочилари Электр энергия сотишни автоматлаштириш маркази имкониятларига бағишланган тақдимотлар билан яқиндан таништирилди.

Йиғилганлар бу ерда республика, вилоят, туман (шаҳар) ва маҳаллалар кесимида электр энергияси истеъмолчиларининг маълумотлари сақланиши, шу билан бир қаторда дастурий таъминот орқали электр энергиясининг соатлик, суткалик, ойлик ва йиллик балансларини шаклллантириш, кўп тарифлик тизимида ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкони яратилганига гувоҳ бўлдилар. Бундан ташқари, қарздор истеъмолчиларни тўлиқ автоматик равишда ўчириш ва сарф қилинган электр энергияси учун тўлов амалга оширилгандан сўнг қайта ёқиш, масофадан туриб электр ҳисоблагичларни қайта дастурлаш, истеъмолчилар ҳисоблагичларидан олинган маълумотларни қайта каби вазифалар тизим орқали бошқарилиши жонли мисоллар орқали тушунтириб берилди.

реклама

Форум доирасида CAS (Central AMI System/Марказий EEHONQAT) дастурий таъминотни бошқариш ҳамда техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича жамият ва Shenzhen Kaifa Technology (Chengdu) Co., LTd компанияси ўртасида икки томонлама шартнома имзоланди.


«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва KT Corporation компанияси ўртасида электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказини ташкил этиш бўйича 2019 йилда имзоланган битим айни мақсад йўлида қўйилган дадил қадамлардан бири бўлди. Электрон ҳисоблагичлар келишувга асосан кореялик ҳамкорлар ҳамда «Электрон ҳисоблагич» МЧЖ ҚК ва «Тошелектраппарат» МЧЖлар томонидан етказиб берилиши белганди.

Реклама ҳуқуқлари асосида.