Ўзгидромет хизмати агентлиги 9−10 июль кунлари Ўзбекистонга Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши ва ҳарорат кўтарила бошлашини маълум қилди.

Иссиқ об-ҳавонинг чўққиси 11−13 июль кунларига тўғри келади. Кундузи ҳаво ҳарорати +39…+42 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +43…+45 даражагача кўтарилади.

Бироқ бу иссиқ давр узоқ бўлмайди. 13 июлдан республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига, 14 июлдан барча ҳудудларга, бу сафар Кавказдан салқинроқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Ҳарорат фони 3−5 даражага пасаяди.

Ҳароратнинг энг сезиларли пасайиши Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кузатилади, у ерда ҳаво ҳарорати 5−7 даражага пасаяди.

об-ҳаво, июль ойи

Сўнг июль ойининг охиригача ҳароратнинг қисқа муддатга кўтарилиши кузатилади, лекин синоптиклар ушбу июль ойида аномал иссиқ кутмаяпти.


Тошкентда 1997 йил 18 июль куни ҳаво ҳароратининг мутлақ максимуми кузатилган, бунда ҳарорат 44,6 даражани ташкил этган. Бу қийматга яқин ҳарорат 1881 йил 6 июлда (44,1 даража) ва 1983 йил 30 июлда (44,5 даража) қайд этилган.

Маълумот учун, 2023 йил июль ойи ўртача иссиқ об-ҳаво билан бошланди. Кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +37…+39 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +41…+43 даражагача кўтарилди.

Лекин 3−4 июль кунлари Қозоғистон ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келиши ҳисобига иссиқ пасая бошлади ва ҳафтанинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +31…+36 даража бўлган қулай қийматларда сақланди. Ҳатто энг чекка жанубий ҳудудларда ҳам кундузги ҳарорат 39 даражадан юқори бўлмади.

6−7 июль кунлари республиканинг бир қатор туманларида қисқа муддатли ёмғир ёғди ва момақалдироқ кузатилди.