Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринади. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти уларни қандай ёритган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — барини «Эски газеталар шарҳи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

1933 йил, 7 июль, жума

Ушбу санада Ўзбекистоннинг ўзбек тилидаги бош газетаси — «Қизил Ўзбекистон» чоп этилмаган.

1963 йил, 7 июль, якшанба

«1965 йилда киши бошига газ истеъмол қилиш Ўзбекистонда Иттифоқимиз бўйича энг юқори даражада бўлади. Ўзбекистон киши бошига табиий газ истеъмол қилишда Америка Қўшма Штатларига етиб олади ва батамом газлаштирилган республикага айланади». Бу «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 7 июль сонида эълон қилинган «Ўзбекистоннинг газ саноати» мақоласидан бир парча эди.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 7 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 7 июль сонидан

Газетанинг шу сонида академик Шредер номидаги боғдорчилик ва узумчилик институти фаолиятига бағишланган бир материал ҳам берилган. Институт ходимларидан бири, кекса селекционер Амина Галимжонованинг сўзларига кўра, институтда «йилига икки марта ҳосил берадиган олма нави яратилган ва бу навли олма Эрфуртдаги виставкада олтин медаль билан тақдирланган».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 7 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 7 июль сонидан

Китоб шаҳарчасида яшовчи фуқаро «Қизил Ўзбекистон»га ёзяпти: «Посёлка… марказидан маҳаллаларгача бориб кўрсангиз, кўчаларда уйиб ташланган ахлатдан, кўлоб бўлиб ётган сассиқ сувдан дилингиз ранжийди. Мавжуд яшикларда ахлат тўлиб-тошиб ётибди… Кўчаларга сув сепадиган машина бир йилдан бери ремонтда турибди».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 7 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 7 июль сонидан

Бу эса Урганч шаҳрида янги қурилган ва озода кўчалардан бирининг 1963 йилги манзараси — икки четда тротуатрлар, улар дарахт экилган яшил ҳудудлар орқали автомобиль йўлидан ажратилган:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 7 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 7 июль сонидан

Қизиқ хабар: Қашқадарёдаги Оромтой қишлоғида ишлаётган бульдозерчи Жўра Камолов иш вақтида ичида 30 та 5 ва 10 сўмлик тилла пул ва уч килога яқин қадимий кумуш тангалар бўлган кўзани топиб олган. Хазинамисан хазина!

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 7 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 7 июль сонидан

1993 йил, 7 июль, чоршанба

Барча газеталардаги бош хабар — Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков раислигида Мустақиллик байрамини тантанали нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича мажлис ўтказилгани ҳақида. Мажлисда, шунингдек, «пойтахтда ўрнатилажак Амир Темур ва Мирзо Улуғбек ҳайкаллари лойиҳалари юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилган».

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 7 июль сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 7 июль сонидан

«Тошкент оқшоми» газетасининг катта материаллардан бири Олой бозорининг 1993 йилдаги аҳволига бағишланган. Унда бозор мураккаб молиявий вазиятда қолгани, бозорда деҳқон учун яратилган шароитлар қониқарли эмаслиги ҳақида сўз боради. Мухбир суҳбатлашган аксарият сотувчилар бозорда тайинлироқ ва каттароқ омбор йўқлигидан нолиган.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 7 июль сонидан«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 7 июль сонидан

«Мана шу пиёзимни мен бозор чақон бўлиб турса, уч-тўрт кунда сотиб бўламан. Демак, бу шунча кун мобайнида пиёзимни ўғирлаб кетишмасин деб қопларим устида ухлайман, деган гап», — дейди сурхондарёлик Нормамат Исомиддинов. Чинозлик деҳқон Абдуқаҳҳор Тошпўлатовнинг фикри эса бундай: «Милиция ходимлари кечаси молимизни қўриқлаш вазифасини зиммаларига олмаяпти. Шунинг учун ҳам доимо шерикларимиздан бири шу ерда растанинг устида туни билан ўтириб чиқишга мажбур».

«Халқ сўзи» газетасида кичик, лекин бугунги кундан туриб назар солинса, эътиборга молик хабар — Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани билан Жиззахнинг Зомин тумани ўртасида узоқ муддатли шартнома имзоланган. «Натижада Зомин тоғлари бағрида маданият ва саломатлик маркази қадр кўтара бошлади», — дейилади газета хабарида (маълумот учун, 1993 йилда Мирзо Улуғбек туманига зоминлик Шавкат Мирзиёев ҳокимлик қиларди).

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 7 июль сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 7 июль сонидан

1993 йилда ўзбекистонликларга Мексика ва Мисрда дала ва боғларида қаҳва, пахта, мева ва ҳоказолар териб, ҳафтасига 300−800 доллардан пул ишлаб олиш таклиф қилинган:

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 7 июль сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 7 июль сонидан

Дунёда нима гап? Россия президенти Борис Ельцинга Свердлов ва Вологда вилоятлари ўзларини Урал Республикаси деб қайта номлагани ёқмаган. Дарвоқе, 30 йил аввалги Россия қандай давлат эди? Массачусетс штатида Америка ва Россия ҳарбий кемалари биргаликда ўқув машғулотлари ўтказарди; АҚШ президенти Билл Клинтон эса «Катта еттилик» саммитига президент Борис Ельцинни ҳам таклиф этиб, тузилма аъзолари сони Россия ҳисобига саккизтага етиши мумкинлигини таъкидларди (кейинчалик шундай бўлганди ҳам).