Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 3 июлдаги қарори билан автомобиль бензини учун товон пули миқдори оширилди, дея хабар берди «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати.

Қонунчиликка мувофиқ, айрим тоифадаги шахсларга бензин сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ойлик товон пули ажратилади. Буларга уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек, меҳнат жароҳати ва касб касалликлари туфайли I ва II гуруҳ ногиронлари, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари киради.

Бунга қадар ушбу тўлов миқдори 75 минг сўмни ташкил этган бўлса (чакана савдода энг кўп тарқалган 40 литр товар белгиси нархининг 50 фоизидан келиб чиқиб, жисмоний шахслардан ёқилғи истеъмоли учун солиқни ҳисобга олмаганда), иккинчи чоракда тўлов 116 180 сўмни ташкил этади.

Товон пули олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар пенсия ва нафақа тайинлаш учун масъул бўлган органларга мурожаат қилишлари мумкин.

Бензин учун товон пули тўловлари «Ўзбекнефтгаз» томонидан молиялаштирилади.