Марказий банк маълумотларига кўра, 1 июнь ҳолатига банклардаги жами депозитлар 204,8 трлн сўмни ташкил этди. Май ойи давомида депозитлар ҳажмида 3,7 трлн сўмлик пасайиш кузатилган. Умумий ҳисобда йил бошидан буён тижорат банкларидаги омонотлар қолдиғи 216,7 трлн сўмдан 204,7 трлн сўмга камайган (-12 трлн сўм).

Тижорат банкларида 1 июнь ҳолатига депозитлар ҳажми 204 трлн 790 млрд сўмни ташкил этган. Бу май ойидаги кўрсаткичдан (208 трлн 448 млрд сўм) 3 трлн 658 млрд сўмга кам ҳисобланади. Май ойидаги камайиш аҳоли омонатларида ҳам, юридик шахслар омонатларида ҳам кузатилган.

Бунда жисмоний шахслар депозитлари 443 млрд сўмга камайган. Май ойида кўрсаткич 69 трлн 20 млрд сўмни ташкил этган бўлса, июнь ойида 68 трлн 577 млрд гача пасайган. Юридик шахслар депозитлари эса 139 трлн 428 млрд сўмдан 136 трлн 212 млрд сўмгача камайган (-3,2 трлн).

Давлат улуши мавжуд банкларда 1 июнь ҳолатига депозитлар ҳажми 123 трлн 662 млрд сўмни ташкил этган. Бу 1 майдаги кўрсаткичга (125 трлн 299 млрд) нисбатан 1,6 трлн сўмга кам.

Эслатиб ўтамиз, тижорат банкларидаги депозитлар ҳажмида апрель ойида ўсиш кузатилган эди. Ўшанда депозитлар 1 апрелдаги 206 трлн сўмдан 1 май ҳолатига 208,4 трлн сўмгача ўсган.