Бухоро шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқарони АҚШга ноқонуний юбормоқчи бўлган аёл ушланди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Шаҳарнинг «Наврўз» маҳалласида яшовчи 43 ёшли Ғ.Д. (аёл) фуқарога АҚШга ишга юбориш учун ваколатли танишлари орқали виза олиб беришини айтган ва АҚШда яшовчи танишлари орқали ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 25 минг доллар миқдорида пул сўраган.

21 июнь куни тахминан соат 13:30 атрофида аёл ўзи яшаб келаётган Бухоро шаҳар Мустақиллик кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонида келишилган пулнинг 10 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан фуқаро Ғ.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.