28 июнь куни тахминан соат 03:30 атрофида «Навоий кон-металлургия комбинати» компаниясининг Жанубий кон бошқармасига қарашли Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Зармитан олтин конида икки йигитнинг оғир тан жароҳати олган ҳолатдаги жасади топилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

20 ва 24 ёшли йигитларнинг жасадлари кон ишчиларининг кийимида ва ёнларида 2 қопда жами 94 кг оғирликдаги маъдан тошлар бўлган ҳолда топилган. Улар таркибида олтин бўлган маъданли тошларни талон-торож қилиш учун ғайриқонуний равишда киргани тахмин қилинмоқда.

Жасадларни 2-маъдан юклаш пунктига бориб қайтаётган машина оператори С.А. аниқлаган. Бирламчи маълумотларга кўра, йигитларни ерости ўзиюрар машина оператори босиб ўтган бўлиши ҳам мумкин.

Ўзиюрар машина кабинаси операторнинг ён томонида жойлашган ва йигитлар машина ҳаракат йўналишининг қарама-қарши ён томони — оператор кўриш радиусидан ташқарида қолган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Таъкидланишича, ҳодиса жойига тезкор тергов гуруҳи аъзоларини ҳамда Қизилқум кон техника инспекцияси мутахассислари чиқиши таъминланган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.