Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда севганини кўргани келган болани қизнинг акаси самосуд қилгани айтилган видео юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 21 июнь куни соат 22:00 атрофида Ургут тумани «Омонқўтон» маҳалласида яшовчи 2006 йилда туғилган Қ.С. синфдоши У.Г. билан телефон орқали гаплашиб, унинг яшаш хонадонига борган.

Учрашиш мақсадида келган вақтида қизнинг акаси уни ушлаб олиб, уриб тан жароҳати етказган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео қизнинг акаси томонидан олинган бўлиб, унда юз-кўзи моматалоқ бўлиб кетган йигитга ярим тунда уй томида нима қилиб юргани сўралган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.